ОАВ: Туркманистонда яна бюджет ходимларидан пахта теримчилари учун пул йиғиш бошланди

mining24.ru сайти фотосурати

Туркманистоннинг Лебап ва Мари вилоятларидаги давлат сектори ташкилотлари ходимлари пахта терими бошланганидан бери мансабдор шахслар ёлланган теримчиларга маош тўлаш учун улардан пул талаб қилишаётганидан шикоят қилишди. Бу ҳақда Turkmen.news маҳаллий манбаларига таяниб хабар берди.

Бу маълумотларга кўра, пахта теримчилари учун маблағ йиғиш август ойи бошида бошланган. Расмийлар аввало ўқитувчилар ва шифокорлардан пул ундиришмоқда. Шунингдек, Туркманобод ипак ишлаб чиқариш бирлашмаси ва трикотаж фабрикаси ходимларига ҳам худди шундай босим ўтказилгани маълум. Давлат сектори ходимлари мустақил равишда пахта теримчиларига 30 манат (расмий курс бўйича 8,5 доллар ва қора бозор курси бўйича 1,5 доллар) миқдорида кунлик маош беришлари шарт.

Нашрнинг қайд этишича, мамлакатда ҳар йили шундай ҳолат кузатилмоқда. Қолаверса, амалдорлар давлат сектори ходимларидан ҳосилни йиғиштириб олиш учун ўзлари далага чиқишларини ҳам талаб қилишмоқда. Баъзан ўқитувчилар, шифокорлар ва давлат муассасаларининг бошқа ходимларига танлов қўйилади: ё бир муддат пахта териш ёки ёлланма ишчилар меҳнатига ўз чўнтагидан пул тўлаш. Буларнинг барчаси мажбурий меҳнат, дея хулоса қилади журналистлар.

Улар ўтган йили Туркманистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти пахта теримида мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиққанини эслайдилар. Лекин, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу чоралар самарасиз. Вазиятга давлатнинг монополия сифатида фермерларни уруғлик, техника ва ўғитлар билан таъминлаши, шунингдек, пахта хомашёсининг ягона харидори эканлиги катта таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, республикада сўз эркинлиги поймол қилинмоқда ва кўпинча давлат сектори ходимлари ёки далада ишлашга мажбур бўлган бошқа шахслар ўзларига бўлаётган адолатсизликлар ҳақида гапира олмайдилар.

Туркманистон ҳукумати пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш истагини бир неча бор билдирган. Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботлари шуни кўрсатадики, бу ниятлар фақат сўзда қолмоқда. Шундай қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси, Progres жамғармаси ва Cotton Campaign коалицияси томонидан ўтказилган қўшма тадқиқот мажбурий меҳнат республиканинг барча пахта етиштириладиган ҳудудлари – Болқон, Тошҳовуз, Лебап ва Мари вилоятларида кенг тарқалганини кўрсатмоқда.