Бухоро вилояти ҳокимияти томонидан умумий қиймати 1,7 миллиард доллар бўлган 21 та инвестиция лойиҳаси пакети шакллантирилди. Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши 32 мингта иш ўрнини яратиш, экспорт ҳажмини 180 миллион долларга ошириш имконини беради. Бу рақамлар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мазкур ҳудудни иқтисодий ривожлантиришга бағишланган мажлисда маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мутасаддилар хорижий ҳамкорлар иштирокидаги бир қанча лойиҳаларни алоҳида таъкидладилар. Шу тариқа, Туркиялик тадбиркорлар Пешку туманида графит қазиб олиш ва қайта ишлашга қизиқиш билдирган. Вьетнам компанияси замонавий турар жой, Ҳиндистон корхонаси жарроҳлик маркази қуришни режалаштирган. 217 гектар майдонда 260 та лойиҳани амалга ошириб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Мажлисда сўнгги саккиз йилда вилоятга 8 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб этилгани таъкидланди. Шу туфайли маҳаллий ҳокимият органлари иқтисодиёт структурасини сезиларли даражада диверсификация қилишга эришди. Биргина саноатда 6 мингта янги корхона пайдо бўлди, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 6 баробардан зиёд ошди.
Туризм инфратузилмаси яхшиланиб, янги масканлар ташкил этилди. Нуфузли меҳмонхона брендлари кириб келди. Йиллик сайёҳлар сони 1 миллион 700 минг нафарга етди.
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 5 декабрдаги қарори билан Бухоро вилоятида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган эди. Натижада жорий йил 6 ойда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3 фоизга ошди. 198 та янги саноат корхонасии ташкил топди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,4 фоизга ўсди.
Мирзиёев вилоятда иқтисодий ривожланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун қўшимча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Жумладан, Пешку туманида арзон иссиқхоналар ташкил этилиб, хорижда харидоргир экинлар етиштирилмоқда. Республика раҳбари ушбу тажрибани вилоят бўйича 5 минг хонадонга ёйиш вазифасини қўйди.
Бундан ташқари Шофиркон, Ғиждувон, Пешку ва Бухоро туманларидаги 10 минг гектарда узум, Вобкент, Ғиждувон, Жондор, Ромитан ва Когонда 5 минг гектарда ўрик, гилос, анжир каби экспортбоп мева боғларини барпо қилиш бўйича топшириқ берилди.
Бухоронинг қадим зиёратгоҳлари машҳур. Лекин сайёҳларни кўп вақт олиб қоладиган йирик мажмуалар йўқ. Хорижлик инвесторларни жалб этиб, савдо ва кўлгилочар парк очиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Саноатни унутмаслик лозим. Вилоятда 2 та йирик нефть-газ корхонаси бор, яна бири барпо этилаяпти, 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари қурилиши жадаллашган. Мирзиёев ушбу мажмуалар атрофида кичик-кичик корхоналарни жойлаштириб, инвестиция, саноат ва экспорт ҳажмини ошириш мумкинлигини таъкидлади.