Ўзбекистонда туризм ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, гап имтиёзли кредитлар, субсидиялар, сармояларни жалб қилиш механизмлари ҳақида бормоқда. Бу ҳақда республика раҳбари Шавкат Мирзиёев ишбилармонлар билан йиллик учрашувда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Мамлакатда иш ўринлари яратишнинг самарали йўналишларидан бири сифатида хизмат кўрсатиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда туризм алоҳида ўрин тутади. Мирзиёев жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга 7 миллионга яқин хорижлик келгани, яна 15 миллион фуқаро республика бўйлаб саёҳат қилгани ҳақидаги статистик маълумотларни келтирди. Яқин 3-4 йил ичида хорижлик сайёҳлар оқими йилига 15 миллион кишига етиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан тегишли соҳани ривожлантириш бўйича янги Давлат дастури амалга оширилмоқда. Келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил қилиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради.
Меҳмонхона қурмоқчи бўлганлар учун имтиёзли кредитлар ҳам тақдим этилади:
👉 30 миллиард сўмгача (2,4 миллион доллар) — вилоят марказлари ва ихтисослаштирилган туристик зоналарда;
👉 10 миллиард сўмгача (800 минг доллар) — республиканинг бошқа ҳудудларида.
Кўп тадбиркорлар давлат объектлари ва хусусий биноларни сотиб олиб, меҳмонхонага айлантираяпти. Энди янги меҳмонхона учун кўзда тутилган субсидия уларга ҳам берилади.
Бундан ташқари, аксарият ҳудудларда меҳмонхона солиғи бекор қилинган. У (ҳар бир сайёҳ учун кунига 62 минг сўм ёки 5 долларгача) Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ва махсус зоналарда қолади.
Президент маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказишни таклиф қилди. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлади, сайёҳлар эътиборини қозонган, нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф олган меҳмонхоналар ҳар йили тақдирланади.
Ўзбекистонда IТ соҳаси ҳам қўллаб-қувватланади. Президент таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатда 600 дан ортиқ стартап фаолият юритмоқда. Биргина сўнгги ойларда улар томонидан рекорд даражадаги 264 миллион долларлик хорижий сармоя жалб этилди, бу ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўпдир.
Шу боис яқин йилларда ёш ишбилармонларнинг минглаб ғоялари монетизация қилинади, шундан 200 та стартап халқаро бозорга чиқади. Илғор технологияларни жорий этиш орқали 100 та ана шундай компания жаҳон даражасидаги рақобатбардош корхоналарга айланади – бунинг учун 100 миллион доллар ажратилади. Шунингдек, давлат ташқаридан жалб қилинган экспертларнинг молиявий ва маркетинг хизматлари харажатларини қоплайди.
Республика раҳбарининг сўзларига кўра, янги мусобақа – ёш тадбиркорлар ўртасида чемпионат бошланади. Лойиҳа доирасида 100 та ғоя танлаб олинади, уларнинг ҳар бирига 1 миллиард сўмгача (80 минг доллар) сармоя киритилади.
IT, финтех ва стартапларга кенг йўл очилгани натижасида маркетплейслар сони уч йил ичида 24 тадан 163 тага кўпайди.
Тадбиркорлар ва ҳунармандлар ўз маҳсулотларини онлайн платформалар орқали сотишни ўзлаштирдилар. Шу билан бирга, тадбиркорлар анъанавий экспорт операцияларида бўлгани каби интернет орқали сотилган товарлар учун ҚҚСни қайтариш механизмини жорий этиш таклифи билан президентга мурожаат қилган. Республика раҳбари масъул идораларга тегишли тартибни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни топширди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда финтех-стартапларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилинади. Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги экотизим – «очиқ банкинг» жорий қилинади. Шунингдек, келгуси йилларда стартап-лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажмини 10 баробарга ошириш режалаштирилган.
Умуман олганда, бу йил банклар тадбиркорлик лойиҳалари учун 6 миллиард доллар ресурс олиб келмоқда. Банклар келгуси йилда айнан кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда алоҳида 1 миллиард доллар ресурс жалб қилади.