«Қайрат» Чемпионлар лигаси саралашида Шотландиянинг «Селтик» клуби билан меҳмонда дуранг ўйнади

"Селтик" - "Қайрат" ўйинидан лавҳа. "Қайрат" ФК матбуот хизмати фотосурати

Олмаотанинг «Қайрат» футбол клуби УEФА Чемпионлар лигаси плей-офф босқичининг илк учрашувида Шотландиянинг «Селтик» клуби билан дуранг ўйнади — 0:0. Жамоа ўз тарихида биринчи марта турнирнинг гуруҳ босқичига чиқиш учун ажойиб имкониятни сақлаб қолди.

Учрашув олдидан «Селтик» яққол фаворит ҳисобланарди: Шотландия чемпиони ўз майдонида ўйнади, унинг таркиби нарҳи эса қозоғистонликлардан бир неча баробар қимматроқ эди. Статистика ҳам меҳмонлар томонида эмасди — «Селтик» бунгача еврокубокларда ўз майдонида икки марта «Шахтёр» ва «Астана»ни мағлуб этганди. Шу билан бирга, «Қайрат» бунгача «Селтик» билан учрашмаган бўлса-да, 2015 йилда Шотландиянинг яна бир клуби «Абердин» устидан ўз майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, меҳмонда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, Европа лигасидан чиқариб юборганди. Олмаоталиклар бу сафар ҳам мағлубиятдан қутулиб қолишди.

Ўйин давомида ҳар икки жамоада ҳам ғалаба қозониш учун имкониятлар бор эди. «Қайрат» ҳисобни очиши мумкин эди, бироқ Александр Мартиновичнинг голи офсайд туфайли ҳисобга олинмади. Танаффусдан кейин «Селтик» босимни оширди. 75-дақиқада «Қайрат» дарвозабони Александр Заруцкий жароҳат олиб, алмаштирилди. Унинг жавоб ўйинидаги иштироки сўроқ остида қолмоқда. Учрашув якунида янги дарвозабон Темирлан Анарбеков ҳам жароҳат олди. Қўшиб берилган вақтда Олмаота ҳужумчиси Дастан Сатпаев сариқ карточка олди ва энди жавоб ўйинини ўтказиб юборади.

Жавоб ўйини 26 август куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтади. Ғалаба «Қайрат»ни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига олиб чиқади – бу клуб тарихида илк воқеа бўлади. Мағлубиятга учраган тақдирда эса жамоа илк бор мавсумни Европа Лигаси гуруҳ босқичида давом эттиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ