Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ғарб етакчиларини, жумладан Дональд Трамп ва Кир Стармерни Қирғизистон банкларига қарши санкциялар қўллашда сиёсатни иқтисодиёт билан аралаштирмасликка чақирди. Ушбу сўзлар Жапаровнинг 20 август куни Буюк Британия Қирғизистон банки «Центрально-Азиатский Капитал Банк»га қарши санкциялар эълон қилганидан сўнг «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида тилга олинди.
Қирғизистон президенти жорий йил январь ойида АҚШ Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтганликда гумон қилиб, «Керемет Банк»ига қарши санкциялар қўйганини эслатди.
«Аммо улар бирорта қонунбузарлик фактини кўрсата олишмади, кўрсатолмайдилар ҳам, чунки бундай фактлар йўқ ва бўлмаган», — деди Жапаров.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистонда 21 та банк фаолият юритади ва бошқаларга нисбатан санкциялар хавфини олдини олиш мақсадида фақат давлатга тегишли бўлган «Керемет Банк» Россия рубли билан операцияларга хизмат кўрсатиши — давлат назорати остида бўлиши ва бу фаолиятдан тушган даромад бюджетга тушишига қарор қилинган. «Капитал Банк» ҳам соф фойдани тўлиқ ҳажмда давлат фондларига ўтказади.
Қирғизистон ҳукумати америкалик ҳамкасбларига «Керемет» ва «Капитал» банкларида мустақил аудит ўтказишни таклиф қилган, бироқ улар буни рад этишган. Шу билан бирга, улар «маълум маълумотлар» га асосланиб, қонунбузарликлар ҳақида аниқ далиллар келтира олмаганлар.
«Аммо биз бу маълумотлар қаердан келганини жуда яхши биламиз. Бу маълумотларни маҳаллий нодавлат ташкилотлари ва уларга аноним маълумотлар юбораётган ичимиздаги нохолис кимсалардан кутиш мумкин. Улар ҳанузгача бундай маълумотларни юборишяпти. Кейин эса ўша ёлғон маълумотларга асосланиб, бизни санкциялар рўйхатига киритишди», — деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, Россия томони билан ҳамкорлик зарурати шу билан изоҳланадики, бу мамлакатда ҳар куни ватанига миллиардлаб рубль ўтказаётган бир миллионга яқин қирғизистонлик мигрантлар бор ва бу маблағлар конвертация қилиниши ва уларга кириш имкониятини таъминлаш керак.
Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон банклари томонидан санкциялар режими бузилганига оид ҳеч қандай далил йўқ, АҚШ ва Буюк Британиянинг чекловлар киритиш қарори сиёсийлаштирилган. Қирғизистон президенти босимнинг сабаби Қирғизистоннинг тез иқтисодий ўсиши бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
«Масалан, ялпи ички маҳсулотимиз 11,7 фоизга ўсди, МДҲ давлатлари орасида биз етакчи ўринларда турибмиз. Айнан шунинг учун ҳам босим остида қолганмиз, деб ўйлайман. Ахир, буюк давлатлар бошқа давлатлар тез ривожланишини хоҳламайдилар. Улар ҳамма ўзларига қарашини ва уларга қарам бўлишини афзал кўради», — деб тушунтирди Жапаров.
У Ғарб етакчиларини иқтисодиётни сиёсийлаштирмасликка чақирди.
«Мен бу давлатларнинг олий раҳбариятига, Дональд Трамп ва Кир Стармерга мурожаат қилган бўлардим. Балки улар маълумотлар етиб бормаётгандир. Иқтисодиётни сиёсийлаштиришнинг ҳожати йўқ», — деди Қирғизистон президенти.
Унинг эслатишича, Қирғизистон кўп векторли ҳамкорликни ривожлантирмоқда ва, масалан, ҳар йили Буюк Британияга миллиард долларлик олтин экспорт қилади. Жапаров банкларнинг виждонийлигини тасдиқлаш учун барча зарур маълумотларни тақдим этишга тайёр эканини таъкидлади.
Жапаровга кўра, Ғарб санкциялари Россия учун фойдали бўлган.
«Россияга қарши санкциялар қўлланилгач, нима ўзгарди? Аксинча, санкциялардан сўнг улар ўз ишлаб чиқаришини, қишлоқ хўжалигини юқори даражага кўтаришга муваффақ бўлишди. Илгари импорт қилинган маҳсулотлар энди экспорт қилинаяпти. Газ ва нефть экспорт қилинган ва уларнинг экспорти давом этмоқда. Албатта, муайян соҳаларда санкцияларнинг оқибатлари бор. Лекин бу мамлакат қулашини англатмайди», — деди президент.
У, шунингдек, Ғарб давлатларининг ўзлари Россия билан савдо қилишда давом этишаётганига эътибор қаратди.
«2024 йили Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россия билан 141 миллиард долларлик товар айирбошлашди. Хусусан, Европа давлатлари Россиядан 36 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилган. Банкимизга қарши санкциялар жорий этган Буюк Британия эса ўша 2024 йили Россия билан 2,2 миллиард долларлик савдо қилган», — дея таъкидлади Жапаров. «Талаб қўйишдан олдин ўзингиз намуна кўрсатишингиз керак», — дея қўшимча қилди президент.
Жапаров Қирғизистон халқаро мажбуриятларга қатъий риоя этиши, мулоқотга очиқ ва барча талабларни бажаришга тайёр эканига ишонтирди. Бироқ, шериклик руҳига тўғри келмайдиган қадамлар давлатнинг ички ишларига аралашиш сифатида баҳоланиши мумкин.
«Фуқароларимиз манфаатлари ва мамлакат савдо-иқтисодий ривожланишининг барбод бўлишига йўл қўймайман. Санкциялар босими остида ҳам кундалик ҳаётимиз давом этаверади», — дея хулоса қилди Қирғизистон президенти.