Қирғизистон президенти Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирини алмаштирди

Қанат Сағинбаев. gov.kg сайти фотосурати

Равшанбек Собиров Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири лавозимидан озод этилди. У Президент ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори лавозимини эгаллади. Садир Жапаров тегишли қарорларни 25 август куни имзолаган.

Бошқа фармон билан Қанат Сағинбаев Меҳнат вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У бунгача президент администрациясида саноат сиёсати бўлими мудири – Президент ва ҳукумат қарорларини тайёрлаш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

ℹ️ Канат Сағинбаев 1980 йил 26 январда Бишкек шаҳрида туғилган. 2000 йили Марказий Осиёдаги Америка университетини, 2014 йили эса Жусуп Баласағин номидаги Қирғизистон Миллий университетини «Халқаро муносабатлар» йўналиши бўйича тамомлаган. У бир неча йил давлат ва бизнес соҳаларида ишлаган.

2005 йилдан буён Сағинбаев давлат идораларида, жумладан, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси ва Давлат миграция хизматида лавозимларда ишлаган, давлат аппаратида ижтимоий ривожланиш, транспорт, қурилиш ва коммуникациялар соҳаларида эксперт бўлиб ишлаган. 2021 йили у ҳукумат аппаратининг тегишли бўлими бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланган. 2023-2024 йиллари Сағинбаев Президент Администрациясида раҳбар лавозимларда ишлаган, давлат раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини экспертизадан ўтказиш ва тайёрлаш билан шуғулланган.

Унинг отаси Латипжон Сағинбаев Дин ишлари бўйича давлат комиссиясини бошқарган ва 2010 йил июнь воқеалари бўйича Миллий комиссия ишида иштирок этган жамоат ва давлат арбоби сифатида танилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ