Қирғизистондаги Қумтор конида ер остида олтин қазиб олиш лойиҳаси расман ишга туширилди

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

«Қумтор голд компани» расман ер остида олтин қазиб олиш лойиҳасини ишга туширди. Иссиқкўл вилоятида Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирокида ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Жапаров бундан роппа-роса уч йил аввал «Қумтор» давлат мулкига қайтарилгани ва 100 фоиз давлат корхонаси мақомини олганини эслатди.

«Қумтор конида олтинни ер остидан қазиб олиш расман бошланди. Қумторда ер остида олтин қазиб олиш лойиҳасининг ишга туширилиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бугунги кунгача сақланиб қолган музликларимизни асраб-авайлашда муҳим қадамдир», — деди президент.

Унинг айтишича, ер остидан олтин қазиб олиш 20 йил аввал бошланиши керак бўлган, лекин бунинг ўрнига хориж компанияси аввалги ҳукумат ва коррупционерлар билан келишувга эришиб, арзонроқ, очиқ усулда қазиб олиш йўлини танлаган ва бу музликларнинг вайрон бўлишига олиб келган. Аввалги раҳбарларнинг худбин ҳаракатлари давлат манфаатларига путур етказган, бунинг натижасида машҳур Давидов ва Лисий музликларининг аксарияти йўқолган.

Жапаровнинг сўзларига кўра, компания 2022 йили ер остида олтин қазиб олишни бошлаш вазифасини олган. Ўшандан бери мутахассислар 1600 метрга яқин туннел қазишган ва ҳозирда «Қумтор» бир тоннасида олтин миқдори 5 граммдан ортиқ бўлган қимматбаҳо рудаларни қазиб олишга тайёр. Ер остидан қазиб олиш учун мўлжалланган захиралар давлат балансига киритилган ва 147 тоннани ташкил этади, янги ер ости лойиҳасининг фойдаланиш муддати эса 17 йилга ҳисобланган.

Президентнинг таъкидлашича, энди босқичма-босқич ер остидан қазиб олишга устувор аҳамият берилади, чунки бу усул чиқинди жинслар ҳажмини чеклайди: очиқ усулда 1 тонна рудага 60 тоннагача бўлган чиқинди жинслар тўғри келган ва бу жаҳон андозаларидан юқори. Шу билан бирга, Қумторда очиқ усулда қазиб олиш ишлари давом эттирилади.

«Қумторнинг келажаги буюк, у яна 40-50 йил давомида мамлакат ва халқ манфаати учун ишлайди, – деди давлат раҳбари.

Жапаровнинг сўзларига кўра, сўнгги уч йилда «Кумтор голд компани»нинг умумий даромади 3 миллиард 445 миллион долларни ташкил этган, солиқ ва тўловлар кўринишида бюджетга 891,6 миллион доллар тушган. Шу вақт ичида Қумторда 54 тоннадан ортиқ олтин қазиб олинган. Таққослаш учун: 28 йил давомида хорижий компанияни бошқарувида Қирғизистон 100 миллион доллар дивиденд олган бўлса, бу кўрсатгич сўнгги уч йилда 441 миллион долларни ташкил этган. Яқин келажакдаги режаларга 100 тоннадан ортиқ олтин заҳирасига эга бўлган чиқиндилар омборини қайта ишлаш ва янги конларни, жумладан Тоғўлоқ ва Жангартни ўзлаштириш киради.

Президент соҳадаги барча ишлаб чиқариш лойиҳалари бундан буён фақат ватан манфаатини кўзлаб амалга оширилиши, миллий бойликни шахсий манфаат йўлида совурган мансабдор шахслар эса жавобгарликка тортилишини алоҳида таъкидлади.

ℹ️ «Қумтор» Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. У 1978 йили совет геологлари томонидан кашф этилган, аммо уни ривожлантириш фақат СССР парчаланганидан кейин бошланган. 1992 йил декабрь ойида Қирғизистон ҳукумати, «Қирғизолтин» давлат концерни ва Канаданинг Cameco компанияси билан конни биргаликда ўзлаштириш бўйича ҳужжатларни имзолайди. Орадан 10 йил ўтиб, Канада томонининг таклифи билан «Қумтор» билан боғлиқ барча активларни олган Centerra Gold Inc қўшма компанияси ташкил этилади. Янги компаниянинг акциялари Қирғизистон ва Cameco ўртасида мос равишда 33% ва 67% нисбатда бўлинган.

2005 йил инқилобидан сўнг Қирғизистоннинг янги ҳукумати бу тақсимотни фойдасиз деб тан олиб, уни ўз фойдасига ўзгартиришга уринган. Битимлар бир неча бор ўзгартирилган, томонлар музокаралар олиб борган, бир-бирини судга беришган.

«Қумтор» атрофидаги вазият 2021 йил баҳорида кескинлашган. Қирғизистон ҳукумати Centerraни атроф-муҳитга етказилган зарар учун миллиардлаб миқдорда пул ундириш учун судга берган ва унинг шўъба корхонаси «Кумтор голд компани»га ташқи бошқарувчи тайинлаган. Узоқ давом этган музокаралар натижаси «Қумтор»нинг 100 фоиз улуши Қирғизистонга ўтказиш бўйича келишув имзоланганини президент Садир Жапаров 2022 йил апрель ойида эълон қилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ