Қозоғистонда таниқли биснесмен, маҳаллий ОАВ томонидан 15 йил аввал «ароқ қироли» деб аталган Султон Маҳмадов ҳибсга олинди, деб хабар беради республика Молия мониторинги агентлигининг (ММА) расмий Telegram-канали.
Агентлик маълумотларига кўра, Маҳмадов этил спиртини ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ тузган. «Гумонланувчилар ноқонуний фаолиятини яшириш мақсадида ўз ишларини биоэтанол ва озуқа қўшимчаларини қонуний ишлаб чиқарётган қилиб кўрсатган», — дейилади агентлик хабарида.
Дарҳақиқат, тадбиркорга тегишли «БМ» МЧЖ ҳудудида саноат миқёсида этил спирти ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча нарсалар билан жиҳозланган яширин спирт заводи ташкил этилган, дея ҳисоблайди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари. Олинган хомашё Жамбил ва Шарқий Қозоғистон вилоятлари, шунингдек, Чимкентдаги яширин цехларига етказиб берилган. У ерда ундан «истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдирувчи» суррогат алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
«Олиб борилган тезкор-тергов тадбирлари натижасида яширин айланма бозордан умумий қиймати 280 миллион тенгедан (520 минг доллар) ортиқ бўлган 122 минг литр этил спирти олиб қўйилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш базаси ҳудудида тинтув ўтказилганда 18 дона майнинг ускуналари топилди», — дейилади ММА матбуот хизмати хабарида.
Маҳмадовга нисбатан икки ойга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Молиявий мониторинг агентлигининг хабар беришича, у 2010 йили ҳам худди шундай жиноятлар учун судланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маҳмадов давлат сирларини ошкор қилишда, МХҚ департаментидан махфий ҳужжатларнинг йўқолишида айбланган. Бу жиноий ишлар юзасидан у етти йиллик қамоқ жазосини олган.
Тергов ишларига 2008 йил 21 ноябрда «Алма-Ата Инфо» газетасидаги «Мамлакатимизни ким бошқаради: Президентми ёки МХҚми?» мақоласи сабаб бўлган, унда Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Миллий хавфсизлик қўмитаси бошқармаси бошлиғининг расмий хати чоп этилган. Айнан шу хат махфий ҳужжат сифатида таснифланган. Мақолани чоп этган газета бош муҳаррири Рамазон Есергепов умумий режимдаги колонияда уч йилга озодликдан маҳрум этилган. 2009 йили ҳали уй қамоғида бўлган Маҳмадов қочишга уринган: у ўз уйининг иккинчи қаватидан сакраб тушган ва уни кутиб турган машинага ўтирган. У фақат Қирғизистоннинг «Манас» аэропортида қўлга олинган: Маҳмадов Москвага учиб кетмоқчи бўлган.