Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида тарихий аҳамиятга эга бўлган бетакрор артефакт — X-XI асрларга оид олтин қопламали патнис намойиш этилмоқда. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ўлчами 37×22 см бўлган ноёб ҳашаматли анжом Сомонийлар даврининг юқори мартабали арбоби, Ғазнавийлар сулоласи асосчиларидан бири Абул-Мансур ибн Сабуктегинга тегишли бўлган. Унга хос безаклар ва ишлов бериш услубида Сомонийлар ва Ғазнавийлар даври санъатининг уйғунлиги намоён бўлади. Бу маданий узвийлик икки сулоланинг ҳунармандчилик анъаналари ривожини кўрсатади.
Ғазнавийлар — 977-1186 йиллари Марказий Осиёда ҳукмронлик қилган туркий суннийлар сулоласи. Сабуктегин асос солган хонлик империяга айлантирган ва Шимолий Ҳиндистонга бир қатор юришлар уюштирган ўғли Маҳмуд Ғазнавий даврида улкан қудратга эришган. Давлат форсийзабон бўлган, саройда олим ва шоирларга (Беруний, Фирдавсий) ҳомийлик қилинган, меъморчилик ва бадиий ҳунармандчилик ривожланган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир. Марказ биносида музей жойлашган.