Жанубий Энилчек база лагери ҳудудидаги Победа чўққисида россиялик алпинист Наталья Наговицинани топиш бўйича қутқарув операцияси расман якунланди. Бу ҳақда Қирғизистон альпинизм федерацияси раҳбари Эдуард Кубатов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тезкор-қидирув тадбирлари чоғида ҳудуд баланд учувчи дрон ёрдамида икки марта синчковлик билан кўздан кечирилган. Натижада ҳаёт излари топилмаган ва барча қутқарув ишларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
«Барча қутқарув операциялари тўхтатилди ва бу аянчли ҳақиқатни барчамиз тан олишимиз керак», — деди Кубатов.
Қидирув ишларининг видеотасвирлари марҳум альпинистнинг ўғлига берилади. Кубатовнинг таъкидлашича, қирғиз томони қутқарув ишларини ташкил этиш учун барча имкониятларни ишга солган, бироқ 7200 метр баландлик, оғир об-ҳаво шароити, вертолётнинг қўнишидаги муаммолар ва қутқарувчиларнинг жисмоний ҳолати кутилган натижага эришиш имконини бермаган.
Федерация раҳбари ҳукумат, Мудофаа вазирлиги, ҳарбийлар, қутқарувчилар ва операциянинг барча иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, якуний қидирувни ташкил этишда хусусий ташаббуслар ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Хусусан, у 2 сентябрь куни Победа чўққисига сўнгги дрон учирилиши учун пул тўлаган россиялик телебошловчи Виктория Боняни тилга олди.
«Победа чўққиси тарихида 7200 метр баландликда бирорта ҳам муваффақиятли қутқарув операцияси ўтказилмаган ва биз қутқарувчи – альпинистлар ҳаётини хавф остига қўйишга ҳаққимиз йўқ эди», — деди Кубатов.
ℹ️ Наталья Наговицина алпинистлар гуруҳи таркибида 12 август куни Қирғизистондаги Победа чўққисига кўтарила бошлади. Чўққида у оёғини синдириб, мустақил ҳаракат қила олмаган. Унинг шериги биринчи ёрдам кўрсатган, аммо кейинги ёрдам учун пастга тушишга мажбур бўлган. Эртаси куни италия ва германиялик альпинистлар Наговицина олдига етиб келишган. Улар унга уйқу халтаси, ўчоқ, озиқ-овқат ва газ баллони олиб келишган. Тушиш пайтида италиялик Лука Синигилья совуқдан музлаб вафот этган.
Наговицинани эвакуация қилишга уринишлар муваффақиятсиз тугаган. 16 август куни Қирғизистон Мудофаа вазирлигига қарашли вертолёт қаттиқ қўнишни амалга оширган ва натижада икки кишини жароҳатлаган. Кейин об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли қутқарув операцияси тўхтатилган. Бир ҳафта ўтгач, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Наговицина ўлган деб тахмин қилган ва 27 август куни у расман бедарак йўқолган деб эълон қилинган. 2021 йили унинг турмуш ўртоғи худди мана шу чўққида вафот этганди ва аёл охиригача унинг ёнида қолганди.