Тожикистонга ташриф буюрган Австриянинг Фан ва технология институти (ISTA) олимлари узоқ вақт давомида глобал исишга чидамли дея ҳисобланган Помир музликлари тез эрий бошлаганини маълум қилишди. Бу ҳақда халқаро экспертлар тадқиқотига асосланиб, «Азия-Плюс» нашри хабар берди.
Мутахассислар гуруҳи Помирнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Қизилсу музлигида иқлим станциясини ўрнатди, бунинг натижасида олимлар 1999 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда бутун сув ҳавзаси ҳаракатини моделлаштиришга муваффақ бўлишди. Аниқланишича, 2018 йилдан бошлаб музлик массаси баланси қор қопламининг туфайли кескин ўзгара бошлаган. Шу билан бирга, музлик тез эриш режимига ўтган.
Таъкидланишича, қорнинг ўртача қалинлиги 40 см га, йиллик ёғин миқдори 328 мм га ёки меъёрдан 28% га камайган. Натижада музлик 2018 йилга нисбатан саккиз баробар тезроқ эрий бошлаган.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу жараён Помир-Қорақурум аномалиясини бузади — бу ҳодиса, ҳатто глобал исиш шароитида ҳам Марказий Осиёда жойлашган музликлар барқарор бўлиб қолаётганди. Бу ҳолат дарёларнинг, шу жумладан, нисбатан тўлақонли Амударёнинг саёзлашуви учун жиддий хавф туғдиради. Бу ресурсларнинг йўқолиши, ўз навбатида, миллионлаб одамларнинг сув хавфсизлигига таҳдид солади. Зеро, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда муаммолар юзага келади, ГЭСларда электр энергияси ишлаб чиқариш қисқаради, экотизим деградацияси тезлашади. Бундан ташқари, кенг кўламли иқлим чораларисиз мувозанатни тиклаш имконсиздир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, музнинг эриши тоғли дарёлардаги сувнинг мўл бўлишига олиб келмайди. 1999-2018 йилларга нисбатан жами сув оқими 189 мм га камайган. Музлик сувининг улуши 19% дан 31% гача кўтарилган, аммо бу ёғингарчилик этишмаслигини қоплай олмаган.
Олимлар томонидан қўлланилаётган сунъий йўлдош маълумотлари далда беролмайди. Уларга асосланган иқлим ҳисоб-китоблари шуни кўрсатадики, Помир тоғларида қор ва ёғингарчилик миқдорининг камайиши Қизилсу музлигининг маҳаллий хусусияти эмас, балки бутун шимоли-ғарбий минтақа учун умумий тенденциядир.
Мутахассислар музликларнинг тез эриши нафақат сув танқислигига олиб келади, балки иқлим хавфсизлигини ҳам издан чиқариши мумкин, деган фикрда жиддий хавотир билдиришмоқда. Қолаверса, бу муаммо Марказий Осиё сарҳадидан ҳам четга ёйилиши мумкинлиги таъкидланади.