Қозоғистоннинг ORDA.kz нашри ТИВ раҳбари ҳибсга олинганига оид сохта хабарлар тарқатганликда айбланмоқда

Orda.kz сайтидан скриншот

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Бош вазир ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеунинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри.

Маҳкама расмий вакили Айбек Смадияровнинг айтишича, айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Биз буни журналист этикаси ва мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилиги бузилиши деб биламиз», — деди у.

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизматининг Дезинформацияга қарши кураш маркази ҳам расмий раддия эълон қилди. «Гулнар Бажкенова ((«Orda» ва «Bazhkenova vs.») манбаларида Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва тадбиркор Гажи Гаджиевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда ва ёлғон хабарларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарликка қадар жазо кўзда тутилгани таъкидланади.

Бугун ORDA.kz ўз сайти ва Телеграм каналида Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва тадбиркор, Қозоғистон оғир атлетика федерацияси раҳбари Гажи Гаджиев ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари амалдор ва тадбиркорнинг уйларида тинтувлар ўтказилганини иддао қилган. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитасининг айрим юқори мартабали ходимлари ҳам ҳибсга олингани хабар қилинган.

Ушбу материал ёзилаётган пайтда ORDA.kz нашри Нуртлеу ва Гаджиев ҳибсга олинганини иддао қилишда давом этди, гарчи бу пайтга қадар расмий раддиялар пайдо бўлган бўлсада.

Гаджи Гаджиевнинг рафиқаси, Қозоғистон президенти телерадиокомплекси (ТРК) директори Раушан Казибаева, ўз навбатида, КазТАГ агентлигига туҳмат учун ORDA.kz ни судга беришга тайёрланаётганини маълум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ