Келгуси ҳафта Кобулда «Инвестицияларни жалб қилиш ва электроэнергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади, унда 22 давлат вакиллари иштирок этади. Бу ҳақда Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) маълум қилди, деб хабар беради ToloNews.
DABS инвестицияларни мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Фаридулла Шарафмал бўлажак тадбир Афғонистон, шунингдек, мамлакат ичида ва ташқарисидаги инвесторлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, анжуман давомида тадбир мезбонлари энергетика соҳасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун барча имкониятларни тақдим этади.
«Ушбу анжуман ёрдамида биз миллий ва халқаро инвесторлар салоҳиятини бирлаштиришни мақсад қилганмиз», — дея қўшимча қилди топ-менежер.
Баъзи экспертлар Афғонистон қайта тикланадиган энергия манбаларига, хусусан, қуёш ва гидроэнергетикага эътибор қаратиши керак, деб таъкидлайди. Бундай ёндашув саноатга сармоя киритиш жараёнини соддалаштириш билан бирга, мамлакатни энергетика мустақиллиги йўлига олиб чиқиши мумкин. Шу билан бирга, янги лойиҳа ва корхоналарнинг пайдо бўлиши қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.
«Агар DABS энергетика бўйича режаларини яхши бошқариладиган тарзда амалга оширса, бу секторни яхшилаш ва Афғонистоннинг умумий иқтисодий инфратузилмасини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаши мумкин», — дейди иқтисодчи Қутбиддин Ёқубий.
ОАВ таъкидлашича, Кобул электр энергиясини аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларидан бири сифатида белгилаган. Шу нуқтаи назардан, DABSнинг ўзбекистонлик ҳамкорлари билан шартномалар имзолаши муҳим саналади. Битимлар доирасида электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш бўйича тўртта йирик лойиҳа амалга оширилади.