Ўзбекистон Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича глобал альянсга қўшилди

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича глобал альянсга расман қўшилди. Шу тариқа, Марказий Осиё республикаси ушбу ҳамжамиятдаги 46-давлатга айланди, дейилади UNICEF Uzbekistan Telegram-каналидаги хабарда.

Альянсда муҳим рол ўйнайдиган халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида эришган ютуқларини қайд этади. Хусусан, бу жорий йил май ойида «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши билан боғлиқ. Бундан ташқари, республикада 2025-2035 йилларга мўлжалланган тегишли тармоқлараро стратегия ва ҳаракатлар режасини яратиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

«ЮНИСЕФ УНИCEФ Ўзбекистон ҳукумати билан елкадош бўлиб мазкур саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади. Ҳар бир бола уйда, мактабда ва жамиятда хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи муҳитда улғайиши учун биргаликда ҳаракат қиламиз», — дейилади ташкилот хабарида.

Ўзбекистоннинг Глобал альянсга қўшилиш нияти шу йилнинг май ойида Тошкентда ЮНИCEФ ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда эълон қилинган эди.

Ўшанда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳар бир бола зўравонликдан – унинг ҳар қандай кўринишидан ҳимояланиши кераклигини таъкидлаганди.

«Болаларнинг бегонаси бўлмайди. Болалар азобининг ҳам! Бугун болажонларимизнинг овозини тинглай олиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Биз барчани «митти қалбларнинг катта оғриқлари»га қулоқ солиш, уларга гапиришга имкон беришга чорлаймиз. Улар гапиришга ҳақли», — деганди мулозима.

ℹ️ Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича глобал альянс давлат-хусусий шериклик асосидаги тузилма бўлиб, унга БМТ агентликлари, турли мамлакатлар ҳукуматлари, бизнес вакиллари, минтақавий органлар, фаоллар ва етакчилар киради. Ташкилотнинг мақсади — дунёни болалар учун хавфсиз маконга айлантиришдир.