NYT: Афғонистонлик қутқарувчилар аёлларни вайроналар остидан олиб чиқишга ботинолмаган

Reuters фотосурати

Афғонистон шарқида содир бўлган даҳшатли зилзиладан жабрланган аёллар кўпинча қутқарувчилардан ўз вақтида ёрдам олишолмаган. Бунга мамлакатда номаҳрам эркаклар ва аёллар ўртасидаги жисмоний контактни тақиқловчи гендер чекловлар сабаб бўлган, деб ёзади The New York Times.

Кунар вилоятининг Андарлуққақ қишлоғида яшовчи 19 ёшли Ойшанинг айтишича, биринчи қутқарувчилар уларнинг қишлоғига табиий офатдан 36 соатдан кўпроқ вақт ўтиб етиб келишган. Қутқарув гуруҳи яраланган эркаклар ва болаларни олиб чиқиб, уларга ёрдам кўрсатишга шошилишган, бироқ аёлларга тегишмаган. «Улар бизни бир бурчакка йиғишди ва бизни унутишди. Ҳеч ким аёлларга ёрдам беришни таклиф қилмади, нима кераклигини сўрамади, ҳатто ёнимизга ҳам келишмади», — дейди Ойша.

Кўнгилли Таҳзибуллоҳ Муҳазебнинг сўзларига кўра, қутқарув гуруҳлари яқин атрофдаги қишлоқлардан қутқарувчи аёллар келишини кутганча, аёлларни вайроналар остидан олиб чиқишдан қочишган: «Гўёки аёллар кўзга кўринмасди». Агар яқин орада эркак қариндоши бўлмаса, баданига тегмаслик учун аёллар жасадлари кийимлари билан тортиб олинган.

«Аёллар ва қизлар бу фалокатдан энг кўп жаюр кўрганлар, шунинг учун биз уларнинг эҳтиёжлари ёрдам ва тиклаш ишлари марказида бўлишини таъминлашимиз керак», — дейди БМТнинг Афғонистондаги аёллар бўйича махсус вакили Сьюзан Фергюсон.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йили толиблар* аёлларга тиббий таълим олиш ва ишлашни тақиқлаб қўйган эди, бу эса ўқимишли аёл шифокорлар ва қутқарувчиларнинг кескин танқислигига олиб келди. Толиблар бошқараётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўзловчиси Шарафат Замон Кунар, Нангарҳор ва Лағмондаги шифохоналарда «энг кўп аёл шифокор ва ҳамширалар» борлигини, бироқ танқислик ҳали тўлиқ тўлдирилмаганини айтади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Афғонистон бўйича вакили Мукта Шарманинг Reuters агентлигига айтишича, Ислом Амирлиги зилзиладан жабр кўрган афғон аёлларига тиббий ёрдам кўрсатиши учун аёл шифокорларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловларни бекор қилиши керак. Шу билан бирга Кунар ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи эркак ва аёл мутахассислар зарар кўрган ҳудудларда чекловларсиз ишлаши мумкинлигини айтади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган.

ℹ️ 1 сентябрга ўтар кечаси 6 магнитудали зилзила биринчи навбатда Афғонистон шарқидаги Кунар, Нангарҳор ва Лағмон вилоятларининг тоғли ҳудудларида содир бўлди. Расмий ҳукумат маълумотларига кўра, 2200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 3600 дан ортиқ киши жароҳатланган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ