Келгусида Ўзбекистон минтақавий финтех марказига айлантирилади

fintech-retail.com сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириш, рақамли хизматлар улушини ошириш бўйича топшириқ берди. Бундай чора-тадбирлар республикани молиявий технологияларнинг минтақавий марказига айлантиришга ёрдам беради. Тегишли режа ва ташаббуслар 10 сентябрь куни ушбу соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради Марказий Осиё давлати раҳбари матбуот хизмати.

Соҳада муваффақият мезонларини аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банкда Финтех офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди. Стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестицияларга шароит яратиш учун инновацион хаб ташкил қилиниши маъқулланди.

Яқинда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида президент стартапларни, open banking тизимини жорий этиш ва финтехни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия яратишни қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, бу борадаги ишлар олиб борилмоқда. Шундай қилиб, стратегияни пухта ишлаб чиқиш учун, аввало, меъёрий-ҳуқуқий база, молиявий технологияларнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар масаласи таҳлил қилинмоқда. Сингапурлик экспертлар жалб этилиб, халқаро тажриба ўрганилмоқда.

Шу асосда бу соҳадаги миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик тартиби белгиланади. Якуний мақсад барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратишдир.

Бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди. Таҳлилларга кўра, булар орқали банклар даромадини 20 фоизга, молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириб, хавфларни 15 фоизга камайтириш мумкин.

Мажлисда таъкидланишича, бугунги кунда дунёда молиявий технологиялар бозори тез суръатда ривожланяпти. Унинг ҳажми бу йил 300 миллиард доллардан, 2030 йилга бориб, 600 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистон эришган ютуқлар ҳам қайд этилди. Агар 2018 йилда FinTech корхоналари 24 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 103 тага етган. Жорий йили маҳаллий корхоналар томонидан 260 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ