Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимларини пахта теримига мажбурлади

business.com.tm сайти фотосурати

Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят бошқармаларига шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб этиш бўйича кўрсатмалар юборган. Плантацияларга боришни истамаганларга анъанага кўра, ёлланма теримчилар меҳнати учун ўз чўнтакларидан пул тўлаш таклиф этилган, деб ёзади «Хроника Туркменистана» нашри.

Журналистларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан «буйруқ қоғозлари» мамлакат вилоятларига 8 сентябрь куни етиб борган, бироқ Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов пахта теримини 10-чи кундан бошлаш ҳақида буйруқ берган бўлсада.

Лебап вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг аниқлик киритишича, вилоят шифохоналари ва поликлиникалари шифокорлари, ҳамширалар, тиббиёт ходимлари ва техник ходимлари учун пахта квотаси белгиланган. Давлат сектори ходимлари кунига 45 килограмм «оқ олтин» теришлари шарт.

Туркманободдаги бир қанча тиббиёт муассасалари ходимлари тунги сменадан кейин ҳам пахта теримига чиқишга мажбур бўлаётганидан шикоят қилишган. Бироқ, муқобил вариант бор – уларнинг ўрнига бошқа шахсни теримга юбориш, унга кунига 50 манат (расмий курс бўйича 14 доллар ва қора бозор курси бўйича 2,5 доллар) тўлаш.

Юқумли касалликлар шифохонаси шифокорининг айтишича, ҳар йили терим мавсумида шифокорлар иш ҳақининг 2/3 қисмини ёлланма пахтачилар хизматига сарфлайди, чунки ҳар бир мутахассис дам олиш кунлари ёки сменадан кейин далага чиқа олмайди.

Нашрнинг таъкидлашича, шифохона ва поликлиникада пахта теримига кетган шифокорлар ва бошқа ишчилар ўрнига пенсия ёшидагилар ёки пенсионерлар ишлашади.

Бу йил нафақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги «олдиндан иш бошлаган». Республика вилоятлари раҳбарлари ҳам президентнинг расмий баёнотини кутмай, август ойининг ўрталарида пахта теримига киришган. Бундай ҳаракатлар Туркманистон Мустақиллик куни нишонланадиган 27 сентябргача мамлакат олий раҳбариятини хурсанд қилиш ва ҳосил ҳақида ҳисобот бериш истаги билан боғлиқ.

Дарвоқе, август ойи бошидан мутасаддилар пахта теримига жалб қилиш учун бюджет соҳаси ходимларидан пул йиғишни бошлагани маълум. Хусусан, Лебап ва Мари вилоятларидаги ўқитувчилар, шифокорлар ва давлат корхоналари ходимларидан бунга оид шикоятлар келиб тушмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ