Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш ва экспорт салоҳиятини 434 миллион долларга ошириш имконини беради. Мутасаддилар ушбу рақамларни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мазкур ҳудудда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига бағишланган йиғилишда тақдим этди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Айни пайтда хитойлик ҳамкорлар иштирокида қиймати 2,1 миллиард долларлик йирик саноат парклари барпо этилмоқда. Давлат раҳбарининг 2025-2027 йилларда вилоятни жадал ривожлантиришга оид қарорларида қайд этилган лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Уларни амалга ошириш учун 40 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бундай ташаббуслар туфайли вилоятда жорий йил охиригача ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга камайтириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жойларда ислоҳотларни амалга ошириш штабида Тошкент вилояти учун муҳим бўлган бир қанча лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Нурафшон, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида хорижий инвесторлар иштирокида саноат корхоналарини ташкил этиш учун иккита нимстанция қуриш режалаштирилган.
Бекобод шаҳрида импорт ўрнини босувчи автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш, Оққўрғон туманида озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналарини очиш, Оҳангарон, Ангрен ва Ўрта Чирчиқ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорасув канали бўйида туризм ва савдо масканларини ташкил этиш имконияти бор.
Пойтахт ҳокимлиги билан ҳамкорлик мавзуси муҳокама қилинди. Шу тариқа, Тошкент вилоятидаги айрим бўш ерлар «Тошкент инвест» компанияси ва шаҳарнинг саноат зоналари дирекциясига ажратилиб, уларга экологияга зарар келтираётган корхоналар кўчирилиши айтилди.
Президент Тошкент вилоятининг барча ҳудудларини пойтахт билан тезкор электр поездлар орқали боғлаш вазифасини қўйди. Бу орқали у ерларда ҳам янги уй-жойлар, инфратузилма ва хизматларга талаб ошади, одамлар пойтахтга қатнаб ишлаши мумкин бўлади.
Вилоятдаги 263 та маҳалла бирор маҳсулот етиштириш, саноат ёки хизмат кўрсатишга ихтисослашмаган. Шу боис, уларда боғдорчилик, лимон, узум, малина, брокколи ва кўчат етиштиришни ривожлантириш мўлжалланмоқда. Бу маҳаллаларга «Агростар» компаниясини боғлаб, уруғ, кўчат ва кафолатли харид бўйича одамларга ёрдамлашиш бўйича кўрсатма берилди.
«Тошкент вилояти саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам энг катта салоҳиятга эга ҳудуд. Асосийси, вилоят юртимиздаги энг йирик истеъмол ва хизматлар бозорини, яъни пойтахтимизни ҳар томондан ўраб туради. Бу ҳам жуда катта имконият. Уни тўлиқ ишга солиб, инвестиция, экспорт ва иш ўрни кўрсаткичларини каррасига оширса бўлади», — деди Мирзиёев.
Йиғилишда мутасаддилар вилоят ривожидан далолат берувчи қатор фактларни келтирди. Ушбу маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йилда ҳудудий йўналишда 10 миллиард, саноат йўналишида 8 миллиард долларлик сармоя жалб этилган. 10 мингдан ортиқ саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари очилган. Натижада жорий йилнинг саккиз ойида экспорт ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.