Ўзбекистонда 2026 йил 15 январидан 28 февралига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш режалаштирилган. Жараён қисман онлайн режимда амалга оширилади, бунинг натижасида давлат 1,3 триллион сўм (105,6 миллион доллар) иқтисод қилади. Республика президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни мазкур тадбирни самарали ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Тақдимотда халқаро тажрибадан келиб чиқиб ҳамда Жаҳон банки, ЮНФПА (БМТнинг аҳолишунослик фонди)ва ФАО (БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) ташкилотлари иштирокида ишлаб чиқилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бир вақтда рўйхатдан ўтказиш таклифи кўриб чиқилди.
Режага кўра, дастлабки 17 кунлик маълумотларни тўплаш онлайн режимда интернет орқали, 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса «маҳалла еттилиги» иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланмоқда.
Таъкидланишича, рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди.
Рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Кенг кўламли жараён доирасида мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалиги ерлари, чорва ва паррандалардан фойдаланиш бўйича маълумотларга аниқлик киритилади. Бу соҳага ҳар йили ажратилаётган 25,6 триллион сўм (2 миллиард доллар), жумладан, 2,2 триллион (тахминан 180 миллион доллар) бюджет маблағлари, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлиги даражасини ошириш самарадорлигини баҳолаш имконини беради.
Рўйхатга олиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун «маҳалла еттилиги» махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Бунинг учун Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳасининг маблағлари йўналтирилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиб, фуқароларнинг хабардорлиги оширилади.
Йиғилишда қайд этилганидек, аҳолини рўйхатга олиш демографик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида реал кўрсаткичларни аниқлашга ёрдам беради, бу эса давлат дастурларини мақсадли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Президент масъулларнинг ҳисоботини эшитиб, билдирилган таклифларни маъқуллади ва кенг кўламли тадбирнинг тизимли ва сифатли ўтказилишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.
Ўзбекистонда охирги марта 1989 йили аҳолини умумий рўйхатга олиш ўтказилган. Фақат сўнгги пайтларда бу йўналишда чоралар кўрилмоқда. Жумладан, аҳолини камида 10 йилда бир марта, қишлоқ хўжалигини эса 5 йилда бир марта рўйхатга оладиган тегишли қонун тасдиқланди.
2021 йили мамлакатда снов тариқасида аҳолини, бир йилдан сўнг қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ўтказилди. Аммо кенг кўламли жараённи ташкил этиш халқаро тажрибани ўрганиш ва тузатишлар ишлаб чиқиш учун вақт талаб қилгани боис, бутун республикани қамраб оладиган тадбир кейинга қолдирилганди.