Афғонистон ТИВ раҳбари Тошкент ва Душанбени 2021 йили олиб қочилган вертолётларни қайтаришга чақирди

Амирхон Муттақий. tolonews.com сайти фотосурати

Толиблар* ҳукуматидаги Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Ўзбекистон ва Тожикистонни 2021 йил августида афғон учувчилари томонидан олиб қочилган ҳарбий вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Tolonews хабар берди.

«Биз тўрт йил аввал сиёсий воқеалар натижасида олиб кетилган ва қўшни давлатларга топширилган вертолётларимизни афғон халқига қайтаришни сўраймиз, токи улардан инсонпарварлик мақсадларида фойдаланилсин», — деди Муттақий Кобулда дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувда.

Шунингдек, у халқаро санкциялар мавзусига тўхталиб, банк чекловлари хорижда яшовчи афғонлар учун маблағ ўтказиш, жумладан, зилзила қурбонларига ёрдам беришни қийинлаштираётганини таъкидлади.

Аввалроқ, 8 сентябрь куни Afghanistan International ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон 2021 йили мамлакатдан олиб кетилган 57 та ҳарбий вертолётни яқин кунларда Афғонистонга қайтаришини маълум қилганди. 11 сентябрь куни The Kabul Times газетаси Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан иқтибос келтирган ҳолда, Ўзбекистон ҳаво кемаларини қайтаришга рози бўлганини таъкидлади.

«Бу Афғонистоннинг авиация салоҳиятини тиклаш ва икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлади», — дея расмий сўзларидан иқтибос келтирган нашр.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурхонов Gazeta.uz нашрига берган изоҳида бу гапларни инкор этди.

«Бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистон позицияси ўзгаришсиз қолган, бу янгиликлар — fake news», — деди у.

ℹ️ 2021 йили олиб қочилган ҳарбий техникани қайтариш масаласи бир неча бор афғон расмийлари баёнотларига асос бўлганди. Толиблар Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил август ойида Ўзбекистон ва Тожикистонга 60 га яқин самолёт ва вертолёт учган. Пентагон маълумотларига кўра, 46 таси Ўзбекистонда, яна 18 таси Тожикистонда бўлган. Бу 2021 йилнинг 14-15 август кунлари «Толибон»* ҳаракати томонидан ҳокимият тезда эгаллаб олинган вақтда афғон ҳарбийлари қўшни давлатларга оммавий равишда техникаларни олиб ўтган пайтда содир бўлган.

2022 йил январида толиблар Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Тошкент ва Душанбени ҳарбий теҳникалар қайтарилмаса, ёмон «оқибати» билан таҳдид қилган эди.

«Мен [Ўзбекистон ва Тожикистонни] сабр-тоқатимизни синамасликка ва бизни мумкин бўлган жавоб чораларини [самолётни қайтариш учун] қўллашга мажбурламасликка чақираман», — деганди Муҳаммад Ёқуб ўшанда.

Бунга жавобан Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни вақтинча чеклаб, бир кундан кейин қайта тиклади. Толиблар Тошкентга муаммони ҳал қилгани учун миннатдорчилик билдирганди ва уларнинг ҳукумати «барча қўшнилари билан яхши ва мустаҳкам муносабатлар тарафдори» эканига ишонтирганди.

Кейинроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган авиация Афғонистонга қайтарилмаслигини айтди. 2022 йил апрель ойида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев самолётлар АҚШ ҳукумати томонидан сотиб олингани боис, Америка ҳукуматига қайтарилишини маълум қилди.

2023 йил июнь ойида Афғонистон Мудофаа вазирлиги Тошкент ва Душанбега самолёт ва вертолётларни қайтариш зарурлигини яна бир бор эслатиб, улар афғон халқининг мулки эканини таъкидлаган эди.

«Ўзбекистон ва Тожикистон бизнинг қўшниларимиз. Биз улар билан яхши муносабатда бўлишини истаймиз ва қўшничилик ва дипломатик меъёрлар туфайли ушбу самолётларни бизга қайтаришга чақирамиз. Ва ҳар қандай ҳолатда имкон туғилди дегунча, биз уларни қайтариб оламиз», — деганди ўша пайтда департамент вакили Иноятуллоҳ Хваразмий.

2025 йил бошида Ўзбекистон «афғон партияси»дан АҚШга еттита Black Hawk вертолётини жўнатди. Толиблар Мудофаа вазирлиги ушбу қарорни қоралаб, техникалар Афғонистонга тегишли экани ва уларни қайтариб бериш кераклигини таъкаидлаганди. Вазирлик мамлакатнинг ҳарбий ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъкидлаб, Қўшма Штатларни афғон халқи манфаатларини ҳурмат қилишга чақирганди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ