Жорий йилнинг ёзги уч ой ичида Ўзбекистонда 167 минг йўл ҳаракати қоидабузарликлари қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоизга кам, ўшанда бу кўрсаткич 285 мингтани ташкил қилганди. Расмийлар ижобий динамикани мамлакатда 1 июндан бошлаб жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилгани билан боғламоқда, деб ёзади UzNews.uz Республика ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментига таяниб.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг июнь-август ойларида 60 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима баллига эга бўлган. Шу билан бирга, ҳисобот даврида бор-йўғи тўртта автоуловчининг ҳар бири 5 баллдан тўплаган.
Умуман олганда, қуйидаги маълумотлар қайд этилган:
✅ 4 баллгача 14 нафар;
✅ 3 баллгача 129 нафар;
✅ 2 баллгача 4976 нафар;
✅ 1 баллгача 63974 нафарни ташкил этган
Қайд этилишича, 9 млн 325 минг нафардан ортиқ ҳайдовчи умуман жарима балли олмаган.
Йўл-транспорт ҳодисалари сони бўйича ҳам ижобий тенденция кузатилмоқда. Ўтган ёзда ҳайдовчиларнинг айби билан 531 та ЙТҲ содир этилган бўлса, жорий йилнинг уч ҳисобот ойида 338 та ҳодиса содир бўлган. Яъни бу кўрсаткич 36 фоизга камайган.
Шундай қилиб, кўрилган чора-тадбирлар йўлларда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва бахтсиз ҳодисалар сонининг сезиларли даражада камайишига олиб келди, деб таъкидлайди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил феврал ойида «Йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга жарима балли ҳисоблаш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, йил давомида 12 балл тўпланса, фуқаро автомашинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Қайд этилишича, баллар Маъмурий ёки Жиноят Кодексларида назарда тутилган асосий жазо чоралари билан қўлланиладиган қўшимча жазо ҳисобланади.