Мирзиёев Тошкент вилоятидаги янги туризм мажмуаси билан танишди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Чимён» курорт ҳудудига ташриф буюриб, бу ерда бунёд этилаётган осма дор йўли, меҳмонхоналар, апарт-отеллар, шале ва бошқа сайёҳлик объектлари қурилиши билан яқиндан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Чимён» халқаро умуммавсумий курорти Франциянинг MND компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бунинг учун туман ҳокимлиги томонидан 1278 гектар майдон ажратилди. Бу ерда сайёҳларни денгиз сатҳидан 3300 метр баландликка кўтарадиган канат йўли қурилади. Мажмуа йилнинг исталган вақтида меҳмонлар учун жозибадор бўлиши режалаштирилган: қишда чанғи ва сноуборд, бошқа ойларда эса тоғ сайёҳлиги ва кўнгилочар ҳордиқ имкониятлари пайдо бўлади.

Давлат раҳбари бу ердаги меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаларини кўздан кечирди. Жумладан, 6 қаватли замонавий меҳмонхона 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга. Унда йил давомида ўртача 45 минг туристга хизмат кўрсатилиши режалаштирилган. Эътиборлиси, бу ерда Wyndham бренди билан ҳамкорликда малакали бошқарув йўлга қўйилмоқда. Бу нафақат хизмат сифати, балки мамлакат туризмининг халқаро нуфузини оширишда ҳам муҳим саналади.

Ҳудуддаги яна бир лойиҳа доирасида 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ҳамда 2 қаватли ресторан қурилди. Уларда ҳам хизмат сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилган. Йил давомида ўртача 54 мингдан зиёд меҳмонни қабул қилиш мўлжалланган. Мажмуада 100 дан ортиқ киши ишли бўлади. Айни пайтда 6 та шале қурилиши давом этмоқда.

Инфратузилмага эътибор кучайтирилмоқда. Масалан, туристик мажмуа ҳудудида 300 ўринли автотураргоҳ, биринчи қаватида ресторан, болалар майдончаси ва савдо мажмуаси ташкил этилди. Бу туристлар учун қўшимча хизматларни яхлит тақдим этиш имкониятини ҳам беради.

Бундан ташқари Бўстонлиқ туманида узунлиги 1 минг 450 метр бўлган асосий йўл қисми, 2 та кўприк ва пиёдалар йўлаклари киради. У ҳудуддаги тоғ курортларига олиб борувчи асосий йўлни қисқартиради. Хавфсизликни ошириб, транспортлар ҳаракатини енгиллаштиради. Туннел орқали соатига 500 дан зиёд автомашиналар хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши мумкин.

Туманда Амирсой, Чиноркент, Чорвоқ дарвозаси каби улкан мажмуалар, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва умумий овқатланиш масканлари ишга туширилгани, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари фаолият кўрсатаётгани таъкидланди.

Шундай қилиб, Бўстонлиқ бугунги кунда табиат гўзаллиги замонавий мажмуалар ва юқори даражадаги хизмат кўрсатиш масканлари билан уйғунлашган сайёҳликнинг марказларидан бирига айланмоқда.

Мирзиёев дам олиш масканларидан ташқари Чимён маҳалласидаги агросаноат боғида ҳам бўлди. Бу ерда 3 минг гектар майдонда малина, қорағат, қулупнай, ўрмон ёнғоғи каби меваларни етиштириш йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа қиймати 60 миллион долларга баҳоланмоқда.

Корхона раҳбарлари Президентга таъкидлашича, йилига 24 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқариш, унинг салмоқли қисмини экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Энг муҳим жиҳати, боғларда 12 мингдан зиёд киши ишли бўлади.

Давлат раҳбари лойиҳани қўллаб-қувватлаб, бошқа адир ва яйловлар имкониятини ҳам ўрганиб, шундай сердаромад боғлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ