Ўзбекистон Приморск ўлкасида республика фуқароларига нисбатан юз берган воқеа юзасидан Россияга расман мурожаат қилди

Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги. Юсуп Қобулжонов Telegram-канали фотосурати

Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги бир неча ватандошнинг калтакланиши ва ҳақоратланиши юзасидан Россия ҳукуматига ноталар юборди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси бош консули Юсуп Қобулжонов маълум қилди.

Ўзбекистон фуқароларига ҳужумлар 10 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган. РФ Тергов қўмитасининг Приморск ўлкаси бўйича тергов бошқармаси маълумотларига кўра, ҳужумлар маст ҳолатида бўлган ўсмирлар гуруҳи томонидан уюштирилган. Улар тўхтаб турган машинага зарар етказган ва унинг салонига газ баллонини сепган, сўнг юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Шундан сўнг ўсмирлар Хабаровская кўчасида жойлашган 24 соатлик дўконга бостириб кириб, у ерда бир эркакни харидорлар ва сотувчи кўз ўнгида калтаклашган. Кейин улар такси ҳайдовчиси ва йўловчига ҳужум қилишган. Кўчада ўсмирлар баланд овозда бақириб, ўткинчиларга қарши тош ва қўлбола буюмларни отишган, жамоат тартибини бузишган. Барча иштирокчиларнинг шахси аниқланган, биттаси қўлга олинган, икки нафари қидирувга берилган.

Ўзбекистон Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев эълон қилган хабарда жарбланганлар бухороликлар экани айтилади.

«Ватандошлар бу бўйича Владивостокдаги Ўзбекистон консулхонасига мурожаат қилишганида консуллик ходимлари ҳеч бир ёрдам кўрсатмай, Россия ички ишларига мурожаат қилишни тавсия қилиш билан чекланганини айтишмоқда. Билдирилишича, мигрант сифатида Россия Ички ишларига мурожаат қилиш бефойда ва қўрқинчли», — деб ёзади мулозим. У Ташқи ишлар вазирлигини ушбу ҳодисага эътибор қаратишга чақирган.

Қобулжоновнинг сўзларига кўра, ҳужумга оид маълумотлар пайдо бўлгач, консуллик ходимлари жабрланганлар билан боғланиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатган. Натижада Ўзбекистон фуқаролари Ички ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳар бош бошқармасига расман мурожаат қилишган. 16 сентябрь куни Приморск ўлкаси бўйича тергов қўмитаси бир гуруҳ ўсмирларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми («Безорилик») билан иш қўзғатилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Бош консуллиги ҳодиса дипломатик ваколатхона ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида эканини қайд этади.

Қобулжонов ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган ўзбекистонликларга ҳужум қилишда гумонланаётган шахсларни жазолашга чақирувчи постларга ҳам эътибор қаратади. Дипломат бундай хабарлар муаллифларини ноқонуний хатти-ҳаракатлардан огоҳлантиради ва ўзбошимча ҳаракатлар учун жавобгарлик борлигини эслатади.

ℹ️ Сентябрь ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва вилоятининг Химки шаҳрида россиялик ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини ҳақоратлагани воқеаси юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборган эди. Сўнгра ТИВ Ўзбекистон фуқароларини қаерда яшашидан қатъи назар, давлат ҳимоясида экани, ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари кераклигини эслатиб ўтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ