Ислом цивилизацияси марказида «Улуғбек портали»нинг тақдимоти бўлиб ўтди

Ислом цивилизацияси маркази. cisc.uz сайти фотосурати

Ислом цивилизацияси марказида баландлиги 37,7 метр ва эни 33,7 метр бўлган Улуғбек порталининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилади марказ матбуот хизмати.

Бинонинг шарқий томонида қад ростлаган порталнинг меъморий қиёфаси XV аср Самарқанд мадрасаларига хос анъаналар асосида, замонавий услублар билан уйғун ҳолда яратилган.

Кириш қисмидаги учта арка юртдаги илм-маърифат уйғонишларини эсга солади. Портал ферузаранг кошинлар билан безатилган — бу ранг коинот, тинчлик ва бағрикенглик рамзи саналади. Қанотлардаги гулли гирих нақшлар Мирзо Улуғбекнинг астрономик кашфиётларига ишора қилади, айрим жойларда олам харитаси ва метагалактика моделлари акс этган.

Порталда сулс ва куфий хатларда оят ва ҳадислар ёзилган. Жумладан, «Ўқи!» («Алақ» сураси, 1-оят) каби илоҳий даъватлар инсонни илмга чорлайди. Пештоқ ва равоқлардаги ҳар бир ёзув маънавий ва ахлоқий тарбия мактаби сифатида хизмат қилади.

Лойиҳа ижодкорлари унинг Марказий Осиё буюк мутафаккирлари, жумладан, Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийларнинг маънавий ва интеллектуал давомийлигини меъморий эслатувчи рамзий ролини алоҳида таъкидлайдилар. Порталнинг симметрияси қалб ва ақл уйғунлигини ифодалайди, бадиий элементлар эса ташриф буюрувчиларни билим олишга ва ўз-ўзини такомиллаштиришга ундашга қаратилган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.