Толиблар шариат қонунларига тўғри келмагани учун 700 га яқин университет дарсликларини тақиқлади

Афғонистон олийгоҳларидан бирида. aljazeera.com сайти фотосурати

Толиблар* ҳукуматига қарашли Олий таълим вазирлиги Афғонистондаги давлат ва хусусий университетларда 679 та дарсликдан фойдаланишни тақиқлади, деб ёзади Independent.

Муллалар, вазирлик мутасаддилари ва ислом ҳуқуқшуносларидан иборат махсус қўмита томонидан дарсликлар таҳлили натижасида шундай қарор қабул қилинган. Дарсликлар ғоявий, маданий, диний ва илмий мазмунига кўра баҳоланган. Айримларининг шариат қонунларига зид экани аниқланган.

Ғарб ва мусулмон олимларининг асарлари шулар жумласидандир. Масалан Ян Арт Скультенинг «Глобаллашув: танқидий муқаддима», Абдул Раҳмон Салимнинг «Инсон ҳуқуқлари бўйича қиёсий тадқиқотлар», Брюс Ж. Коэннинг «Социологияга кириш», Абдул Раҳмон Аламнинг «Ғарб фалсафаси тарихи» ва бошқа асарлар.

Толиблар олий таълимнинг барча йўналишлари, жумладан, илоҳиёт ва тиббиёт бўйича тақиқланган дарсликларни аниқлашган. Тақиқланган китобларнинг аксарияти аёллар ҳуқуқлари, Ғарб тарихи ва тафаккури, инсон ҳуқуқлари, замонавий Европа тарихи ва АҚШ тарихига оид мавзуларни қамраб олади. 679 та дарслик рўйхати якуний эмас — дарсликларни таҳлил қилиш давом этмоқда.

Китобларни тақиқлашдан ташқари, вазирлик шариат қонунларига тўғри келмайдиган деб топилган 18 та ўқув курсини ҳам бекор қилишни буюрган, яна 201 та курс кўриб чиқилмоқда. Тақиқланган курслар Афғонистон конституциявий ҳуқуқи, исломий сиёсий ҳаракатлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, гендер муаммолари, глобаллашув, фалсафа, динлар тарихи ва оммавий мулоқотда аёлларнинг роли каби мавзуларни қамраб олади.

Афғонистоннинг таълим соҳасидаги экспертлари бундай катта ҳажмдаги дарсликларнинг тақиқланиши университетларни зарур материаллар билан таъминлашга жиддий тўсқинлик қилиши ва мамлакатдаги олий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Толиблар бундан олдин Кобул ва Ҳирот каби йирик шаҳарлардаги кутубхона ва китоб дўконларидан юзлаб китобларни мусодара қилган эди. Улар аёллар ҳуқуқлари, демократия, тарих, фалсафа ва санъатга оид адабиётларни чоп этиш ва тарқатишни тақиқладилар. Юзлаб Ҳуқуқ, сиёсатшунослик, иқтисод, психология, тасвирий санъат ва журналистика факультетларининг юзлаб профессор-ўқитувчилари «Толибон»* мафкурасига «қаршилик қилгани» учун ишдан бўшатилган.

Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги профессор-ўқитувчилардан ҳар ҳафта икки соатлик шариат дарсларида қатнашишларини талаб қилади. Бу дарсларда таълим жараёнида соқол қўйиш ва ислом таълимотини фаол равишда тарқатиш зарурлиги таъкидланади. Қолаверса, толиблар барча факультетларда мажбурий диний таълимни кенгайтириб, ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга шариат тамойилларини ўргатиш учун университетларга ўнлаб муллаларни юборган.

ℹ️ 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан бери «Толибон» кўплаб чекловлар ва тақиқларни киритди, уларнинг аксарияти аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ. Хусусан, уларга ўрта ва олий маълумот, жумладан, тиббий маълумот олиш, спорт билан шуғулланиш, истироҳат боғларида сайр қилиш, эркак ҳамроҳсиз ва ҳижобсиз кўчага чиқиш, тиббиёт муассасаларида ишлаш, омма олдида нутқ сўзлаш, қўшиқ айтиш ва ҳоказолар тақиқланади. Бундан ташқари, толиблар шахмат ўйнаш, жонли мавжудотлар тасвирини суратга олиш ва кўрсатишни тақиқлаган ва айрим вилоятларда расмийлар интернетга киришни чеклаган. Афғонистон янги ҳукуматининг ушбу ва шунга ўхшаш бошқа қарорлари қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ танқидларига учради.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ