Саккиз нафар турк журналисти ток-шоулардаги изоҳлари учун «президентни ҳақорат қилгани» ва «ёлғон хабарлар тарқатгани» учун қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Беш кишига расман айблов қўйилган, уч нафарига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси (CPJ) Туркия ҳукуматини журналистларни оммавий баёнотлари учун таъқиб қилишни бас қилишга чақирди.
«Бу фақат матбуот ва сиёсий мухолифат овозини ўчириш мақсадида телевидение журналистларига нисбатан кўрилаётган қатор адолатсиз чораларнинг сўнгги мисолларидан бири. Туркия ҳукумати амалдаги демократиянинг муҳим қисми сифатида танқидий журналистика ва шарҳларни олқишлаши ва журналистларни таъқиб қилишни бас қилиши керак», — дейди CPJ нинг Туркиядаги вакили Ўзуур Ёғрет.
23 сентябрь куни Истанбул полицияси TELE1 мустақил телекомпаниясининг уч журналистини ҳибсга олган. Ҳибсга «президентни ҳақорат қилиш» гумони сабаб бўлган: 21 сентябрь куни эфирга узатилган сарлавҳада Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху билан солиштирувчи сўзлар бўлган.
Шу ой бошида икки газета шарҳловчиси — Cumhuriyet журналисти Бариш Пеҳливан ва BirGün журналисти Тимур Сойкан 2024 йил октябрь ойида Halk TV телеканалидаги ток-шоу чоғида «бутун суд тизимини қораотли қилувчи» ёлғон маълумотлар тарқатишда айбланган. Уларнинг ҳар бири айбдор деб топилса, тўрт ярим йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Шунингдек, улар давлат институтларини «ҳақорат қилгани» учун алоҳида жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Сентябрь ойи бошида худди шундай айбловлар Halk TVнинг яна икки журналисти Меҳмет Тезжан ва Иброҳим Каҳвачи ҳамда телеканал бош муҳаррири Суат Тўкташга нисбатан 2024 йил сентябрь эфирида Эрдўғон ҳаракатларини Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари билан солиштиргани учун қўзғатилган эди. Журналистлар айбловларни асоссиз деб билишади. Уларнинг ҳар бири тўрт йилу саккиз ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Суд жараёнлари саналари ҳали белгиланмаган.
CPJ маълумотларига кўра, Туркия дунёдаги энг ёмон «журналистлар қамоқхонаси» сифатида Хитой билан доимо рақобатлашади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 25 журналист ҳибсга олинган, улардан 17 нафари июль ойи ҳолатига кўра қамоқда бўлган.
Туркия ҳукумати 19 март куни Президент Эрдўғоннинг асосий сиёсий рақиби Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан оммавий ахборот воситаларига нисбатан тазйиқни кучайтира бошлади. Имомўғлининг ҳибсга олиниши ва ундан кейинги норозилик намойишларини ёритган журналистлар, асосан ҳибсга олиш ва полиция зўравонлиги билан боғлиқ 19 та ҳуқуқ бузилиши ҳолатларига дуч келишган.
Журналистларга нисбатан энг кўп қўлланиладиган айбловлар орасида «террор ташкилотига аъзолик», «террор ташвиқотини тарқатиш», «мансабдор шахсларни ҳақорат қилиш», «президентни ҳақорат қилиш» ва «давлат институтларини туҳмат қилиш» каби айбловлар мавжуд. Баъзи ҳолларда прокурорлар «нотўғри ёки чалғитувчи маълумотлар тарқатиш» учун жиноий жавобгарликни назарда тутадиган «дезинформация тўғрисидаги қонун» га ҳам мурожаат қилишади.
CPJнинг Истанбул Бош прокуратураси ва Президентлик алоқа бошқармасига изоҳ сўраб юборган электрон почта маутублари жавобсиз қолди.