Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеуни ишдан бўшатиб, сўнгра уни Президентнинг халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги бўйича ёрдамчиси этиб тайинлади, дея хабар беради Оқўрда.
Тўқаев бошқа фармон билан аввал Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ермек Кошербаевни Ташқи ишлар вазири этиб тайинлади.
Сиёсатшунос Газиз Абишевнинг тушунтиришича, Нуртлеу Президент Администрациясига (ПА) илгари Ержан Қазихан эгаллаб турган лавозимга ўтмоқда. Бироқ, бироз бошқача ном билан: Қазихан «халқаро масалалар бўйича ёрдамчи» бўлган, президент девонидаги янги ходим эса «халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги бўйича ёрдамчи» сифатида кўрсатилган.
Қазихан Қозоғистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги вакили этиб тайинланди ва яқин орада ўз вазифаларини бажариш учун Женевага жўнаб кетади.
Янги Ташқи ишлар вазири Кошербаев, экспертнинг сўзларига кўра, ўз лавозимига ўзидан аввалги Нуртлеу эга бўлган Бош вазир ўринбосари мақомисиз тасдиқланган.
«Вариантлардан бири шундаки, Нуртлеу Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган сармоя секторини назорат қилиш бўйича қўшимча ваколатлар у билан бирга Президент аппаратига ўтказилмоқда», — деятахмин қилади Абишев.
ℹ️ Сентябрь ойи бошида Orda.kz сайти Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва тадбиркор ва Қозоғистон оғир атлетика федерацияси раҳбари Гажи Гаджиев ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалар амалдор ва тадбиркорнинг уйларида тинтув ўтказилганини иддао қилишган. Расмийлар нашрни фейк хабарлар тарқатиш орқали қонунни бузганликда айблаб, ушбу хабарларни рад этганди.