Бердимуҳамедов Мустақиллик куни муносабати билан 142 нафар чет эл фуқаросига Туркманистонда яшаш рухсатномасини берди

Сердар Бердимуҳамедов. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Мустақиллик куни муносабати билан 142 нафар хорижлик фуқарога яшаш рухсатномаси бериш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида маълум қилинди, деб хабар беради «Туркменистан сегодня» давлат ахборот агентлиги.

Давлат раҳбари Туркманистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан байрам арафасида Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат идоралари томонидан мамлакатда расмий прописка учун рухсат бериладиган шахслар рўйхати тайёрланди. Фармонда номи тилга олинган 142 нафар шахс рўйхатига еттита давлат фуқаролари ва 15 миллат вакиллари киритилган.

Йиғилишда статистик маълумотлар ҳам тақдим этилди, унга кўра, бугунги кунга қадар 5152 нафар хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахс Туркманистонда яшаш рухсатномасини олган.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган маҳкумларни анъанавий афв этишини эълон қилди.

Туркманистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида президент фармонига 225 шахс киритилган.

Президент мутасадди вазирлик ва идораларга ушбу шахсларни қисқа муддатларда қамоқдан озод қилиш ва оилалари бағрига қайтариш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришни топширди. Бердимуҳамедов, шунингдек, афв этилган шахсларга чин юракдан меҳнат қилиш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, меҳнати самарасидан баҳраманд бўлиб яшашни тилади.

ℹ️ Туркманистонда маҳбусларни афв этиш акцияси мунтазам ўтказилади. Президент бу борадаги қарорларни Қадр кечаси, Бетарафлик куни ва Мустақиллик байрами муносабати билан имзолайди. Шу йилнинг март ойида Бердимуҳамедов Қадр кечаси муносабати билан 321 маҳбусни афв этган эди. Июль ойида Халқаро тинчлик ва ишонч йили муносабати билан 247 маҳбус озод этилди. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йилларда Туркманистонда афв этилганлар сони 20 мингдан ошган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ