Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг Халқаро экспертлар кенгаши форуми очилди

Фирдавс Абдуҳолиқов ИЦМ форуми очилиш маросимида. Марказ матбуот измати фотосурати

26 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази анжуманлар залида «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.Унда ИЦМ халқаро экспертлар кенгаши аъзолари иштирок этди.

Маросим Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилишига бағишланган видеоролик билан бошланди. ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов табрик сўзи билан чиқиш қилди. У тадбирнинг муҳимлигини таъкидлаб, иштирокчиларни Форум дастури билан таништирди.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, билим манбаларини нафақат ёдгорлик сифатида асраб-авайлаш, балки уларни халқимиз, айниқса, ёшларга тушунарли тилда етказиш, жаҳон ҳамжамиятида кенг тарғиб этиш зарур. Бу марказ нафақат ўтмиш хотираси, балки тарих, бугун ва келажакни боғловчи, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи интеллектуал марказ бўлиши керак. Давлатимиз раҳбарининг «Марказга ташриф буюрган ҳар бир киши бу тарихни ўз кўзи билан кўради, ислом дини, энг аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини англаб етади, ўзбек халқининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этади», деган фикрлари бу ерда амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини белгилайди», — деди Абдухолиқов.

У ИЦМ Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилаётганини эслатди. Марказ контенти учун қадимий ва бебаҳо осори-атиқаларни саралаш бўйича халқаро хаттотлик мактаби ҳамда миллий комиссия ташкил этилди.

«Комиссия ишига юртимиздаги етакчи музейлар, кутубхоналар ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган 500 дан ортиқ таниқли мутахассислар жалб этилди. Марказ экспозицияларига топшириш учун миллий коллекциялардан 1500 дан ортиқ тарихий ашёлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар, ҳужжатлар ва фотосуратлар аниқланди. Мактаб ишларида ишлаш учун мамлакатимиз ва хориждан хаттотлар, юқори малакали мутахассислар жалб этилди», — деди Абдухолиқов.

Унга кўра, хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистонга тегишли маданий мерос «дурдона»ларини аниқлаш, ўрганиш ва уларга эгалик қилиш бўйича махсус комиссия тузилган.

«Ўтган давр мобайнида биз Саудия Арабистони, Қувайт, Малайзия, Туркия, Буюк Британия, Италия, Германия, Россия ва бошқа мамлакатлардаги 50 дан ортиқ кутубхона, музей ва шахсий коллекцияларни зиёрат қилдик. Жумладан, бир гуруҳ олим ва тадқиқотчиларнинг Буюк Британияга расмий ташрифлари жуда самарали бўлди. Буюк Британиядаги Сотбис ва Кристис аукцион уйлари, шунингдек, хусусий коллекционерлар, галереялар ва санъат дилерларидан 580 дан ортиқ тарихий ашёлар сотиб олинди. Таъкидлаш жоиз, ушбу бебаҳо ашёларни ватанимизга қайтариш учун давлат томонидан катта миқдорда маблағ ажратилди», — деди ИЦМ раҳбари.

Форумнинг расмий қисмидан сўнг иштирокчилар Ислом цивилизацияси маркази бўйлаб экскурсияни бошладилар, сўнгра ИЦМ музейи лойиҳаларига бағишланган 10 та тематик сессияда қатнашдилар. Форумнинг биринчи кунида Алишер Навоий номидаги кино саройига ташриф режалаштирилган.

«Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги икки кунлик форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этади. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида хизмат қилади. Дунёнинг ўндан ортиқ оммавий ахборот воситалари, жумладан Евроньюс, «Ал-Жазира», «Мир» тадбирни ёритади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ