Россиядаги хорижий сим-карталар SMS хабарларни қабул қилмаяпти, мобил интернет билан боғлиқ муаммолар 24 соатлик «совутиш даври» тугаганидан кейин ҳам юзага келяпти. Бу ҳақда фойдаланувчилар ва ўзининг соҳадаги манбаларига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.
Матнли хабарларни қабул қилишнинг имкони йўқлиги сабабли хорижий банклар мижозлари транзакцияларни тасдиқлай олмаяпти, бу ҳақда улар Ижтимоий тармоқларда шикоятлар қилишмоқда. Ушбу шикоятлар, қайси мамлакатга мансублигидан қатъи назар, барча хорижий сим-карталарда муаммолар юзага келаётганини кўрсатади.
Телеком бозоридаги «Коммерсантъ» манбасининг таъкидлашича, Т2 нинг битта оператори «таймерни 24 соат давомида фаоллаштиришга» муваффақ бўлолган. Бошқа операторлар, манбага кўра, «совутиш даври»ни атиги 24 соатгача чеклаш учун техник имкониятларга эга бўлолмаган, шунинг учун уларнинг маълумотлар узатиш ва SMS чекловлари хорижий карта эгасининг РФда бўлган бутун вақт давомида амал қилган.
Телеком бозоридаги яна бир манбага кўра, операторлар тез орада барча муаммони «изга туширади» ва тизим ишлай бошлайди. У «изга тушиши» учун уч-тўрт ҳафта вақт кетишини тахмин қилмоқда.
6 октябрдан бошлаб Россияда хорижий сим-карталар ва eSimдаги мобил интернет ва SMS хизматлари маҳаллий тармоқда рўйхатдан ўтганидан сўнг 24 соат давомида чекланади. Бу ҳақда алоқа операторлари хориждаги фойдаланувчиларга юборган хабарлардан маълум бўлди. SMS ва мобил интернетга кириш 24 соатдан сўнг автоматик тарзда тикланиши керак.
Мазкур 24 соатлик вақт «совутиш даври» деб аталди. Август ойида Россия Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Мақсут Шадаев бундай чора дрон ҳужумлари хавфини камайтириш учун зарурлигини таъкидлаганди.