«Британия киноси иконаси» сифатида танилган таниқли актёр Бен Кингсли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ҳақидаги махсус илмий-маърифий видеолойиҳада ҳикоячи сифатида иштирок этади. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.
Видеолойиҳа Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда яратилган тарих ва маданиятга оид 150 та фильмдан иборат лойиҳа доирасида ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳада Кингслидан ташқари бошқа кино ва телевидение юлдузлари, жумладан Морган Фриман, Дензел Вашингтон, Мел Гибсон, Бурак Ўзчивит ва Анжелина Жоли ҳикоячи сифатида иштирок этиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди, унда марказ фаолиятини ривожлантириш, кўргазмаларини бойитиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
«Ҳар бир ҳужжатли ролик ёки видеомаҳсулот илмий кенгаш муҳокамасидан ўтиши — унинг мазмун ва сифати юксак даражада бўлишини таъминлайди. Биз ҳар бир кадр орқали ҳақиқатни, тарихни ва маърифатни намоён этмоқчимиз», — деди Марказ директори ўринбосари Ражаб Ражапов.
Йиғилишда марказ фаолиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада жаҳоннинг етакчи телеканаллари, жумладан, CNN, BBC, Euronews телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани маълум қилинди. Жумладан, юз нафар буюк ўзбек алломалари ҳақида Euronews ва CNN форматларида креатив видеолойиҳалар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.