Одамларни газ қуйиш шохобчаси ёпилишига қарши намойишга чақирган Тошкент вилоятининг икки фуқароси судланди

autostrada.uz сайти фотосурати

Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди метан ёқилғи қуйиш шохобчасининг ёпилишига қарши норозилик билдирган икки шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Айбланувчилардан бирига 5,5 йил, иккинчисига 3,5 йил қамоқ жазоси тайинланди, деб ёзади Podrobno.uz.

Суд ҳужжатларига кўра, судланувчилар Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи 33 ва 40 ёшли фуқаролар бўлган.

Жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлган воқеа шу йилнинг март ойида содир бўлган. Метан ёқилғи қуйиш шохобчаси ёпилганидан норози бўлган эркаклар норозилик акциясини ташкил этишга қарор қилишади.

Улардан бири Telegramда Тошкентни Термиз билан боғловчи М-39 автомобил йўлини тўсиб қўйишга чақирувчи видеони жойлаштирган. Айбланувчи шу йўл билан муаммога расмийлар эътиборини қаратишга ва уларни ёқилғи қуйиш шохобчасини қайта очишга мажбур қилишга уринган.

Эртаси куни иккала айбланувчи газ қуйиш станциясига етиб келиб, навбатда турган ҳайдовчиларни йўлни тўсиб қўйишга ундаган. Охир-оқибат юк машиналари йўлни тўсиб, тирбандликни ҳосил қилган ва атрофга оломон йиғилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари норозилик акцияси ташаббускорларини ҳибсга олган. Суд 33 ёшли эркакни норозиликнинг асосий қўзғатувчиси деб топди. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 140-моддаси («Ҳақорат»), 244-моддаси («Оммавий тартибсизликлар»), 244-1 («Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш») да назарда тутилган жиноятлар учун 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Унинг шериги фақат оммавий тартибсизликларда айбланиб, 3,5 йилга қамалди. Ҳар иккиси жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди.

Аниқлик киритилишича, судланувчилар биринчи инстанция ҳукми устидан Тошкент вилоят судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

ℹ️ Метан — Ўзбекистонда энг оммабоп ёқилғи бўлиб, уни ҳайдовчиларнинг 60% дан ортиғи ишлатади. Бундан ташқари, у бензинга қараганда анча арзон.

Шу билан бирга, республикада газ қуйиш шохобчаларида, айниқса совуқ тушиши билан вақти-вақти билан узилишлар кузатилади. Мисол учун, 2024 йил февраль ойида электр узатиш линиясидаги катта авариядан сўнг ҳукумат мамлакатдаги барча газ қуйиш шохобчаларини ёпиб қўйди. Икки ҳафтадан сўнг уларнинг фаолияти қайта тикланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ