Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази «ақлли навигация» тизими билан жиҳозланди

ислом цивилизацияси маркази. CISC.UZ сайти фотосурати

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ҳудуди замонавий навигация тизими билан жиҳозланди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.

Марказ кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида TOP CONGRESS компанияси дизайн гуруҳи раҳбари Сергей Карасев марказ ҳудудидаги ички ва ташқи навигация тизимлари, шунингдек, иккинчи қаватда жойлаштириладиган 14 та экспозиция дизайни ҳақида батафсил ҳисобот берди. Унга кўра, ҳозирда Марказ музейининг «Биринчи Ренессанс» бўлимидаги «Вақт девори» лойиҳасида бу тизим тўлиқ амалга оширилган.

«Марказнинг ички ва ташқи навигация тизими ҳамда музейнинг иккинчи қаватдаги экспозициялари учун ишчи дизайн лойиҳалари тайёр бўлди. Янги тизимлар марказда меҳмонлар оқимини тартибли бошқариш, ҳар бир бўлимни осон топиш ва ташриф буюрувчилар учун интуитив ҳаракат йўналишини таъминлайди», — деди Карасев.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ