Ўзбекистонда «Ҳаж ва Умра бўйича ягона портали» ишга туширилди, бу орқали фуқаролар мусулмонларнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш учун онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин. Республика Дин ишлари бўйича қўмитаси баёнотига кўра, сайт моҳиятан зиёратчиларга уйдан чиқмасдан навбатга рўйхатдан ўтиш имконини беради.
Қўмитанинг тушунтиришича, портал зиёратчиларга қулайлик яратиш, шаффофликни таъминлаш ва навбат шаклланишида инсон омилини бартараф этиш мақсадида яратилган. Қолаверса, аризаларни онлайн топшириш — ташкилотларга овора бўлиб бориш, ҳужжатлар йиғиш ва қоғозбозлик каби турли бюрократик жараёнларга барҳам беради.
Ўзбекистон фуқаролари «Ҳаж» ёки «Умра» зиёратига бориш учун онлайн навбатга икки хил усулда рўйхатдан ўтишлари мумкин: тўғридан-тўғри «Ҳаж ва Умра» ягона портали орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали.
Илгари Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси Саудия Арабистони тиббий кўриксиз ва зарур сертификатсиз зиёрат визалари берилиши тақиқлагани ҳақида огоҳлантирган эди. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатни фақат Nusuk платформаси орқали олиш мумкин.
Қайд этилишича, Қироллик расмийлари фуқароларнинг Ҳаж зиёратига боришига тўсқинлик қиладиган шартлар рўйхатини тақдим этган. Буларга жигар ва юрак етишмовчилиги, сурункали ўпка касалликлари, оғир руҳий ва неврологик касалликлар, кексалик деменцияси ва бошқалар киради.
Бир неча йил аввал очилган Nusuk веб-сайтида Макка ва Мадинага зиёрат қилиш, виза олиш жараёнидан тортиб, Саудия Арабистонида қолиш қоидаларигача бўлган батафсил маълумотлар мавжуд. 2026 йилги Ҳаж мавсумидан бошлаб тегишли иловани ўрнатиш мажбурий бўлади; бусиз ҳокимият одамларнинг муқаддас жойларга киришига рухсат бермайди. Мазкур чора ноқонуний зиёратга қарши курашиш ва зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Марказий Осиёнинг аксарият давлатларида Ҳаж ёки Умра учун аризалар фақат белгиланган ташкилотларга бориб, ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш орқали топширилиши мумкин. Онлайн аризалар фақат Қозоғистонда қабул қилинади, лекин фақат лицензияланган туроператорлар орқали.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йили Ҳаж зиёратига бориш истагида бўлган зиёратчилар учун шаффоф навбат яратиш учун ноёб онлайн тизим яратилишини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, ушбу янги қоида фирибгарлик ва порахўрликка қарши курашишга ёрдам беради.
Жорий йил апрель ойида давлат раҳбарининг «Ҳаж ва Умра ягона портали» ҳамда ушбу веб-сайт учун мобил иловасини ишлаб чиқиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган эди.
ℹ️ Ҳаж ислом дини арконларидан бири бўлиб, мусулмонларнинг Зулҳижжа ойининг 8-12 кунларигача бажариладиган зиёратдир.
ℹ️ Умра кичик Ҳаж ҳисобланади ва у Рамазон ойида бажарилса, катта Ҳажга тенглаштирилади. Йилнинг исталган вақтида Умра зиёратини амалга ошириш мумкин.