Террорчилар сафига жалб қилиниши хавфи туфайли 4000 дан ортиқ тожикистонлик талабалар ватанига қайтарилди

Саймўмин Ятимов. sputnik.tj сайти фотосурати

Тожикистон ҳукумати чет элда таҳсил олаётган 4000 дан ортиқ талабаларни ватанига қайтарди. ТАСС хабар беришича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Саймўмин Ятимовнинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатга ёшларнинг халқаро террорчи ташкилотларга қўшилиши хавфи сабаб бўлган.

Душанбеда бўлиб ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича конференциядаги нутқида хавфсизлик хизмати раҳбари ватанига қайтарилган талабаларга оид статистика қандай муддатни ўз ичига олишини айтмаган.

Ятимов талабалар террорчи ташкилотлар ва хорижий диний таълим муассасалари томонидан нишонга олинаётганини таъкидлаган.

МХДҚ раҳбари ҳамкасблари эътиборини МДҲ мамлакатлари учун Суриядан келаётган таҳдидларга қаратган. Унинг сўзларига кўра, у ерда фаолият юритаётган экстремистик гуруҳларнинг кўплаб аъзолари Марказий Осиё мамлакатларидан келиб чиққан бўлиб, улар қуролли можароларда жанговар тажриба орттирмоқда. Шунинг учун Тожикистон бу чақириқлар ва таҳдидларга қарши курашиш учун қатъий чоралар кўрмоқда, деб қўшимча қилган Ятимов.

Шунингдек, у меҳнат мигрантлари террорчи ташкилотлар томонидан ёллаш учун заиф гуруҳ бўлиб қолаётганини айтган. Офицернинг таъкидлашича, ҳозирда МДҲ мамлакатларидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида экстремистик гуруҳлар фаоллашиб бормоқда.

«Сўнгги бир неча йил ичида халқаро террорчи ташкилотлар минтақада «уйқудаги яширин гуруҳлар»ни ташкил қилмоқда. Ёллаш ишлари асосан аҳолининг энг заиф қатлами бўлмиш меҳнат мигрантлари орасида олиб борилмоқда, улар минтақавий менталитетдан фойдаланиб, радикал мафкурани тарқатиш ва Исломни сиёсийлаштиришга ҳаракат қилишмоқда», — деб тушунтирди Ятимов.

ℹ️ Душанбеда бўлиб ўтаётган терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича учинчи МДҲ конференцияси Тожикистон МХДҚ ва МДҲ Терроризмга қарши кураш маркази томонидан ташкил этилган. Унда 11 та Ҳамдўстлик давлати ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) котибияти каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ