Жанубий Кореяда терроризмни молиялаштиришда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди

baoquocte.vn сайти фотосурати

Жанубий Корея полицияси терговчилар фикрига кўра, гўёки хайрия ишлари учун пул йиғиб, уларни террорчи ташкилотларга жўнатган 29 ёшли Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олди. Маҳаллий The Chosun Daily нашрининг хабар беришича, экстремистлар учун юборилган бу маблағ мамлакатда қайд этилган энг катта сумма ҳисобланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, чет эллик 16 октябрь куни Кёнгидо провинциясининг Ансан шаҳридаги меҳмонхонада ҳибсга олинган. Операцияда полицияга Корея Миллий разведка хизмати ва Федерал тергов бюроси (АҚШ) вакиллари ёрдам беришган.

Ўзбекистон фуқароси Африкада нефть қазиб олиш лойиҳаларини амалга оширганликда гумон қилинаётган хайрия ташкилоти учун Tether (USDT) криптовалютасини йиғаётган бўлган. Ҳибсга олинган пайтда гумондор ушбу мамлакат миллий валютасидаги 952 миллион корейс вони (665 000 доллар) эквивалентида пул йиққан.

Бироқ, полиция маълумотларига кўра, эркак аслида террорчи гуруҳларга, жумладан, «Катиба Тауҳид Вал-Жиҳад»* ва Ҳамас* ташкилотларига маблағ жўнатаётган бўлган. Хавфсизлик ходимларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароси жангариларга 27 миллион вон (тахминан 19 000 доллар) ўтказишга муваффақ бўлган. Бироқ, транзакциялар кўлами каттароқ бўлиши мумкин, чунки, масалан, Ҳамас аъзоларига турли каналлар орқали ўтказилган маблағларни кузатиш қийин.

Қўлга олинган шахс терроризмга қарши кураш ва терроризмни молиялашни тақиқловчи қонунларни бузганликда айбланган.

Шунингдек, ҳибсга олинган шахснинг ижтимоий тармоқлар орқали жиҳод ғояларини тарқатиб, мусулмонларни радикал экстремистик гуруҳларга қўшилишга чақиргани аниқланган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик фуқаро Кореяда футбол клубига асос солган. Терговчилар бу тузилма ватандошлардан маблағ йиғиш учун ташкил этилган бўлиши мумкин, дея тахмин қилишмоқда, аммо бу эпизод ҳозирча исботланмаган.

Гумонланувчи 2018 йили Жанубий Кореяга талабалик визаси билан келган. Кейинчалик у университетни ташлаб, 2023 йилдан бери у ерда қочқин сифатида яшаб келган. Ҳибсга олинишидан олдин у 11 марта қочқинлик мақомини олиш учун ариза берган, аммо доим рад жавобини олган.

Ўзбекистонда бу фуқаро республика Жиноят кодексининг терроризмни молиялаштириш моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. 2022 йили Марказий Осиё мамлакати расмийлари уни ҳибсга олиш учун ордер берган. Бундан ташқари, у мамлакатни тарк этганидан сўнг, унинг паспорти бекор қилинган ва Корея полициясидан уни ҳибсга олиш сўралган.

Хавфсизлик ходимлари Ўзбекистон фуқаросини топиш учун ташқи кузатув камераларидан фойдаланишган ва уни ҳибсга олишган, ундан саккизта мобил телефони ва ноутбук мусодара қилинган. Ҳозирда қурилмалар суд-тиббий экспертизасидан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, терговчилар гумонланувчи шахс террорчиларга маблағ юборишда криптовалютадан ташқари нақд пулдан ҳам фойдаланганми ёки йўқми, унинг Кореяда шериклари бор-йўқлигини аниқлашмоқда.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ