Euronews телеканалининг Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги лавҳаси чет эллик давлат мулозимлари эътиборини тортди

Ислом цивилизацияси маркази меҳмонлари. cisc.uz сайти фотосурати

Euronews телеканалида намойиш этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги сюжет Озарбайжон, Қозоғистон ва Россиядаги мулозимлар эътиборини тортган. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда тайёргарликнинг сўнгги босқичида бўлган Марказга чет эллик меҳмонларнинг ташрифи Давлат божхона қўмитаси Божхона институти томонидан ташкил этилган Тошкентдаги халқаро илмий-амалий конференция доирасида бўлиб ўтди.

Божхона институти ректори Миразам Ҳамраев таъкидлашича, телесюжетдан илҳомланган меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказини ўз кўзлари билан кўришни жуда хоҳлашган. Уларнинг истаги инобатга олинган ва экскурсия уюштирилган.

«Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Туркистон минтақасининг илм, маданият ва цивилизация бойлигини намоён этади. Исломдан аввалги даврга оид археологик топилмалар, айниқса, қадимий тўқимачилик намуналари менда катта таассурот қолдирди. Бу маскан бизнинг умумий тарихимизнинг бир бўлагидир», — деди Озарбайжон Божхона академияси ректори Гулу Новрузов.

Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси вакили Жанат Шаимов бу ердаги экспозициялар гўёки жонланган тарих экани, «Исломдан аввалги даврдан то иккинчи Ренессансгача бўлган жараёнлар» кўз олдида намоён бўлганини гапириб берди.

Россия Божхона академияси илмий-тадқиқот институти раҳбари ўринбосари Юрий Сомов музейидаги экспонатлар тўпламидан чуқур таассурот олганини таъкидлади.

«Мени энг ҳайратга солгани — асл, қадимий буюмлар ва уларни замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш. Интерактив экспозициялар инсонни ўтмишга гўё «ташлаб юборади». Бу — фақат таълим эмас, ҳақиқий тажриба!», — деди Сомов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ