Ўзбекистон президенти Трампнинг махсус вакили билан «C5+1» саммити кун тартибини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампнинг махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги АҚШ делегациясини қабул қилди. Марказий Осиё республикаси етакчиси матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар бир қатор масалаларни, жумладан, 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё-АҚШ» («C5+1») саммити тадбирлар режасини муҳокама қилишди.

Америка делегацияси таркибига Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау ва бошқа расмийлар ҳам киритилган.

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йил 23 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган саммитда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Мирзиёев ва Гор интенсив сиёсий мулоқот, турли даражалардаги алмашинувлар ва фаол бизнес алоқаларини қайд этдилар. Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиб бораётгани ва октябрь ойи бошида АҚШ Савдо палатаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли ўтгани таъкидланди.

Учрашувда қабул қилинган «йўл харитаси» асосида саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш долзарблиги таъкидланди.

Музокараларда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ҳамда ноқонуний миграция масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, томонлар глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларини 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган «C5+1» саммитида иштирок этишга таклиф қилгани хабар қилинганди.

Тадбир олдидан Оқ уйнинг махсус вакили Сержио Гор ва Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Ўзбекистонга ташриф буюриб, бу ерда фаолият юритаётган Америка компаниялари вакиллари ва мамлакат раҳбарияти билан бир қатор учрашувлар ўтказдилар. Марказий Осиёга сафари доирасида АҚШ сиёсатчилари Қозоғистонга ҳам ташриф буюришни режалаштиришган.

ℹ️ Биринчи «C5+1» саммити 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида, Жо Байден президентлиги даврида бўлиб ўтганди. Тадбирда Қозоғистон (Қосим-Жомарт Тўқаев), Қирғизистон (Садир Жапаров), Тожикистон (Эмомали Раҳмон), Туркманистон (Сердар Бердимуҳамедов), Ўзбекистон (Шавкат Мирзиёев) етакчилари ва ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен иштирок этганди. Томонлар «яшил» энергия ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратган ҳолда, кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишганди.