Мирзиёев Касбий таълим агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилди, у техникум битирувчиларининг иш билан таъминланишини яхшилашга қаратилган. Янги агентликнинг ташкил этилиши ҳақида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 октябрь куни имзолаган фармонида сўз юритилади, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

Фармондан кўзланган асосий мақсад — касбий таълим ва касбга ўқитишда бошқарув тизимини такомиллаштириш орқали ягона ёндашув асосида касбга ўқитиш, илғор хорижий тажрибаларни самарали жорий этиш ва халқаро стандартларга мос бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

Касбий таълим фаолиятини давлат таълим стандартлари асосида ташкил қилган техникумлар ва ўқув курслари битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжат (диплом, сертификат) Касбий таълим агентлиги томонидан берилади.

Президент фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раислигида Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари ташкил этилади. Ушбу органларнинг таркиби Тошкент, Қорақалпоғистон ва вилоятлар раҳбарлари томонидан тасдиқланади. Ушбу кенгашлар таркибига йирик компания ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг минтақавий бўлимлари ходимлари кириши кутилмоқда.

Мирзиёев шу йилнинг сентябрь ойида Касбий таълим агентлиги ташкил этилишини маълум қилганди. Ислоҳотларнинг долзарблиги ҳақида гапирар экан, президент мамлакатда 450 минг талабани қабул қилиш қувватига эга 598 та техникум фаолият юритаётганига қарамай, битирувчиларнинг иш билан таъминланиш даражаси пастлигича қолаётганини таъкидлаганди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, янги агентлик халқаро стандартларга мос замонавий таълим тизимини жорий этади, инвесторлар ва йирик корхоналар буюртмасига кўра кадрлар тайёрлайди. Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси — ёшларнинг касб эгаллаши ва барқарор даромад олиши учун шароит яратиш эканини таъкидлаганди.