Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) директори Одри Азулега «Дўстлик» орденини топширди. Давлатнинг юксак мукофотини топшириш маросими Самарқандда бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Азуле хонимга фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда ўзбек халқининг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун мукофот топширилди.
Мирзиёев ва Азуле ўртасидаги учрашув Самарқандда бошланадиган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси олдидан бўлиб ўтди. Таъкидланишича, ушбу тадбир ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳи ташқарисида 40 йилдан бери биринчи марта ўтказилмоқда.
Ўзбекистон президенти ва унинг меҳмони мамлакат ва БМТнинг нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор масалаларни муҳокама қилишди.
ЮНEСКО директори Ўзбекистоннинг конференцияни юксак савияда ташкил этиши, шунингдек, уни амалий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитиш борасидаги кенг кўламли ишларига ижобий баҳо берди. Жумладан, ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликда болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилингани қайд этилди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.
Учрашув якунида Мирзиёев ва Азуле ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга ҳамда устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.



