Қирғизистоннинг «Мурас Юнайтед» жамоаси Марказий Осиёнинг Чақирув лигаси плей-офф босқичига чиққан ягона клуби бўлди

«Мурас Юнайтед». the-afc.com сайти фотосурати

Жалолободнинг «Мурас Юнайтед» футбол клуби Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) Чақирув лигасидаги дебют мавсумида плей-оффга чиқди. Қирғизистон жамоаси мусобақанинг финал босқичида Марказий Осиёнинг ягона вакили бўлди.

31 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган ҳал қилувчи ўйинда «Мурас Юнайтед» Қувайтнинг «Ал-Араби» жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, бу эса С гуруҳида биринчи ўринни эгаллаш учун етарли бўлди.

Иккала жамоа ҳам финал, учинчи раундга тўрт очко билан киришди, аммо Қирғизистон Қувайтга нисбатан тўплар фарқи бўйича устунликка эга бўлиб, жадвалда етакчилик қилди ва унга дуранг ҳам етарли эди. Бироқ, ҳисобни меҳмонлар очишди, Ивуала 21-дақиқада гол урди. «Мурас Юнайтед» 55-дақиқада Шарбел Гомес туфайли ҳисобни тенглаштирди. Мухлислар бошқа голни кўришмади.

Ўйин охирида қирғиз клубининг муваффақияти салютлар билан нишонланди.

«Мурас Юнайтед» Чақирув лигаси чорак финалида Ливаннинг «Ал-Ансар» жамоаси билан тўқнаш келади. Ўйинлар келаси йилнинг 4 ва 11 март кунлари бўлиб ўтади.

Учинчи босқичга қадар олти очко тўплаган Туркманистоннинг «Олтин Асир» жамоаси охиригача плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб бораётган эди, аммо сўнгги ўйинда Уммоннинг «Аш-Шабаб» жамоасига 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва А гуруҳида иккинчи ўринни эгаллади. Туркманистон жамоаси ҳали ҳам энг яхши иккинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқиш имкониятига эга эди, аммо бу В гуруҳи етакчиларининг очко йўқотишига боғлиқ эди, аммо охир-оқибат бу амалга ошмади.

Аввалроқ, Қирғизистоннинг «Абдиш-Ата» ва Тожикистоннинг «Регар-ТадАЗ» жамоалари плей-оффга чиқиш имкониятини бой беришган эди.