Хитой компанияси Фарғона вилоятида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергиясини ишлаб чиқарувчи завод қуради

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Хитойнинг China Everbright International компанияси Фарғона вилоятида тахминан 150 миллион долларлик чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуради. Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, ушбу завод қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаради.

Фарғона туманидаги Оқбилол қишлоғида қуриладиган завод ишга туширилгандан сўнг йилига 547 минг тонна (кунига 1,5 минг тонна) маиший чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз термик усулда қайта ишлаб, 227,5 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Шунингдек, корхонада 400 нафарга яқин янги иш ўринлари ташкил этилади ҳамда маҳаллий мутахассислар замонавий технологиялар асосида малака ошириш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу корхонанинг ишга тушиши чиқиндиларни полигонларда йиғилишини кескин камайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш ва энергетика соҳасида барқарорликка эришиш имконини беради, дея таъкидлайди матбуот хизмати.

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов хитойлик шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа минтақанинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга ва электр энергияси таъминотини яхшилашга ҳисса қўшишини таъкидлади.

Ўз навбатида China Everbright International директори Вей Жун Бо самарали ҳамкорлик ва ишонч туфайли бу каби лойиҳалар амалга оширишга киришилганини маълум қилди. Вилоятнинг атроф муҳитини яхшилаш, ижтимоий—иқтисодий ривожлантиришига ҳисса қўшишдан мамнун эканини қайд этди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкентда мамлакатдаги биринчи тиббий чиқиндиларни ёқиш заводи очилгани ҳақида хабар берилган эди. Американинг Sayar компаниясига тегишли бўлган ушбу завод бир нечта шаҳар касалхоналари чиқиндиларини қайта ишлаш орқали иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаради.