Олмаотада январь воқеалари пайтида ёниб кетган президент қароргоҳи ўрнида, яъни Назарбоев шоҳ кўчасининг ғарби ва Ганди кўчасининг шимолида расман ҳиёбон очилди, деб хабар беради InformБЮРО шаҳар ҳокимлигига таянган ҳолда.
Ҳиёбон ноябрь ойининг бошида ташриф буюрувчилар учун очилган, аммо эндигина расман очилди. Унинг умумий майдони 4,16 гектарни ташкил этади, улардан деярли уч гектари яшил майдондан иборат. Ободонлаштириш лойиҳаси давомида 10 000 квадрат метрдан ортиқ пиёдалар йўлаклари ётқизилган, 77 та скамейка ва 52 та ахлат қутиси ўрнатилган, замонавий ёритиш ва автоматик суғориш тизимлари ўрнатилган.
Янги ҳиёбоннинг ўзига хос хусусияти — қишда муз майдончасига айлантириладиган сунъий ҳовузга эгалигида. Шунингдек, ёниб кетган қароргоҳ деворининг кичик бир қисмини сақлаб қолишга қарор қилинган — уни ойнали панжара ортида кўриш мумкин.
2022 йил январь ойидаги тартибсизликлар пайтида президент қароргоҳи, Олмаота ҳокимияти биноси билан бирга, ёнғин натижасида жиддий зарар кўрган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев кейинчалик бино қайта тикланмаслиги ва унинг ўрнида парк ташкил этилишига қарор қилди. Президент яқин атрофдаги бинони ўз қароргоҳи сифатида ишлатади, бу бино ўтган йили Нурсултон Назарбоев жамғармаси томонидан Президент мулкини бошқариш департаментига ўтказилган.
2023 йил февраль ойида Олмаотанинг ўша пайтдаги ҳокими Ерболат Досаев собиқ президент қароргоҳи ўрнида 2024 йили ҳиёбон пайдо бўлишини ваъда қилганди.



