Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов ҳалок бўлган аскарлар оналарининг мурожаатларини 12 кун ичида кўриб чиқиши керак. Тегишли топшириқ президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан берилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот котиби Руслан Желдибай.
Бош прокурор шунингдек, аскарларнинг ўлими билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва кўриб чиқишда қонунга риоя қилинишини текшириш ва натижаларни белгиланган муддатда тақдим этиш учун жавобгар бўлади.
Аввалроқ, 10 ноябрь куни Остонадаги Вазирлар уйи ёнида турли вақтларда Қозоғистон армиясида ҳалок бўлган ва жароҳат олган ҳарбий хизматчилар оналарининг митинги бўлиб ўтди. Улар мамлакат раҳбариятига ҳарбий хизмат тизимини ислоҳ қилиш ва аскарлар хавфсизлигини яхшилашни талаб қилиб мурожаат қилишди. Бунга жавобан Мудофаа вазирлиги шахсий таркиб хавфсизлиги энг муҳим устувор вазифа эканини таъкидлади.
Vlast.kz хабарига кўра, намойишчилар шунингдек, уларга пешвоз чиқмаган Мудофаа вазири Даурен Косанов билан учрашувни сўрашган. Кейинчалик аёллар ушланиб, Бойқўнғир тумани полиция бўлимига олиб кетилган.
Косанов шу йилнинг июнь ойидан бери Қозоғистон Мудофаа вазирлигини бошқариб келади. Август ойида Тўқаев, бошқа ишлар қатори, унга «армиядаги фожиали ҳодисалар сонини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш»ни буюрди. Фаоллар ҳам, парламент аъзолари ҳам бир неча бор ушбу ҳодисаларнинг кўпайишига эътибор қаратишди. Масалан, Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) аъзоси Наталья Дементьева 13 октябрь куни ҳукумат соатида армиядаги зўравонлик ҳолатлари ҳақида хавотир билдирди, бу эса, унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчилар орасида ўлим ва ўз жонига қасд қилиш ходисаларига олиб келмоқда.
Биргина шу кузнинг бошидан бери бир нечта шунга ўхшаш ҳодисалар содир бўлди: 7 октябрь куни Манғистов вилоятида муддатли ҳарбий хизматчи вафот этди ва сентябрь ўрталарида Олмаота вилоятида 19 ёшли муддатли ҳарбий хизматчи Динмуҳамед Шинарбек оламдан ўтди.



