Қирғизистонда 19 000 дан ортиқ одам шу йилнинг 1 ноябрида мавжуд имкониятдан фойдаланиб, молия институтларидан ўз номига кредит расмийлаштирилишини тақиқлади. Бу ҳақда Республика Миллий банки матбуот хизматига таяниб, Economist.kg нашри хабар берди.
Регулятор вакилларининг сўзларига кўра, юқорида айтиб ўтилган миқдордаги аҳоли ушбу чекловни Миллий банк томонидан Рақамли ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва амалга оширилган янги механизм ишга туширилгандан кейинги биринчи ҳафтада қўллаган.
Ташаббуснинг асосий мақсади фуқароларни сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда молиявий фирибгарликдан ҳимоя қилиш ва уларнинг кредит портфеллари устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришдир.
Миллий банк ўз номига кредит берилишини тақиқлаш — бу шахсларга Қирғизистондаги барча банклар ва микромолия ташкилотларида уларнинг номига кредитлар расмийлаштирилишини рақамли равишда тақиқлаш имконини берувчи ихтиёрий ва бепул хизмат эканини таъкидлайди.
Ушбу функцияни фаоллаштириш учун Tunduk мобил иловаси сайтига (ҳукуматнинг электрон хизматлар портали) кириш, «Ўз номига кредит берилишини тақиқлаш» ни танлаш ва кредит бюроларидан – «Ишеним» ёки «СЭС» дан бирини танлаш лозим. Шундан сўнг, ҳаракатни тасдиқлаш керак бўлади. Ўз номига тақиқ қўйиш дарҳол фаоллашади.
Агар бирон бир сабабга кўра чекловни олиб ташламоқчи бўлсангиз, буни электрон хизматлар портали орқали «Ўз номидаги тақиқни олиб ташлаш» ни танлаш орқали амалга оширишингиз мумкин. Бу ҳолда ўзгартириш дарҳол эмас, балки 12 соат ичида кучга киришини унутманг. «Совутиш даври» деб аталадиган вақт фирибгарлардан ҳимоя қилиш учун жорий этилган, улар кўпинча бошқа бировнинг аккаунтини бузиб, тақиқни дарҳол олиб ташлашга ҳаракат қилишади.
Расмийлар мамлакатдаги барча банклар кредит беришда ўзини ўзи тақиқлаш ҳолатларини текширишлари шартлигини таъкидлайдилар. Агар муассаса талабни эътиборсиз қолдирса ва қоидани бузган ҳолда маблағлар берса, шахс маблағларни қайтармаслиги мумкин. Бундай ҳолларда молиявий институтлар тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Миллий банк маълумотларига кўра, 2025 йил август ойи охирига келиб, Қирғизистон банк мижозларининг кредит портфели 447,3 миллиард сомни (5,1 миллиард доллар) ташкил этган. Кўпинча фуқаролар истеъмол эҳтиёжлари учун қарз оладилар, бу 150,5 миллиард сомни (1,7 миллиард доллар) ташкил этади. Ундан кейинги ўринда савдо, қишлоқ хўжалиги ва ипотека кредитлари туради.
Регулятор ҳисоб-китобларига кўра, қарз олувчининг қайтаришдаги қийналадиган муаммоли кредитлар улуши 10,5% ёки 47 миллиард сомни (537,5 миллион доллар) ташкил этади. Муддати ўтган кредитлар ҳажми деярли 8 миллиард сомга (91,5 миллион доллар) етган.
Дарвоқе, ўз номига кредит расмийлаштирилишини тақиқлаш Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам амал қилади. Масалан, Ўзбекистонда ушбу хизмат жорий йил 6 июнда ишга туширилди. Август ойи бошида деярли икки ой ичида тахминан 73 минг киши ушбу хизматдан фойдалангани ҳақида хабар берилди.



