Қирғизистон Бош прокуратураси қонунчиликка суд айблов ҳукмини чиқармасидан олдин ноқонуний қўлга киритилган мулкларни мусодара қилишга рухсат берувчи ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. Тегишли ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди, деб хабар беради 24.kg.
Назорат маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида мулкни мусодара қилишнинг янги механизмини жорий этиш учун Жиноят, Жиноят-процессуал ва Фуқаролик кодексларига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилади.
Ташаббус муаллифларининг сўзларига кўра, ўзгартиришлар коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириш, активларнинг давлат бюджетига қайтарилишини таъминлаш ва халқаро стандартларга мувофиқ қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун лойиҳасини асословчи ҳужжатда Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлари дуч келаётган асосий муаммолардан бири жиноят иши айблов ҳукми билан якунланмаган ҳолларда жиноий йўл билан қўлга киритилган мулкларни самарали мусодара қила олмаслик экани таъкидланган.
«Айбланувчи яшириниб олганда, вафот этганда ёки иш оқловсиз асослар билан тугатилганда, давлат ноқонуний равишда қўлга киритилган активларни қайтариб олиш имкониятини йўқотади, жиноятчилар ва уларнинг шериклари эса бу ресурсларни тўсиқсиз тасарруф этишда давом этадилар», — дея афсус билан таъкидлайди Бош прокуратура.
Назорат маҳкамаси суд қарорига қатъий боғлиқ бўлган мавжуд жиноий мусодара қилиш тизими самарасиз эканлигини қўшимча қилади, чунки айблов ҳукмининг йўқлиги жиноятчилар даромадларини мусодара қилишни имконсиз қилади. Бу ҳолат жамиятда адолатсизлик ҳиссини уйғотади, коррупцияни кучайтиради ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан жамоатчилик ишончи пасайишига олиб келади.
Ташаббус муаллифлари Қозоғистон, Италия, Болгария, Буюк Британия ва Латвия каби мамлакатлар тажрибасини келтирадилар. Расмийларнинг таъкидлашича, бу мамлакатлар фуқаролик ёки маъмурий суд жараёнларига асосланган мусодара қилиш моделини қўллайдилар, бунда айбланувчи ўз активларининг қонунийлигини исботлаши керак. Агар улар буни қилмасалар, мулк мусодара қилинади.
«Ушбу модел айбсизлик презумпциясини бузмайди, чунки у жиноий ҳуқуқбузарлик учун судланганликни талаб қилмайди ва жазоловчи эмас, балки мулкий-ҳуқуқий хусусиятга эга», — дейилади асословчи ҳужжатда.
Бош прокуратура ходимлари таклиф қилинган тизим халқаро стандартларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларига мос келишига урғу берадилар.



