Путин: Россия Қозоғистонга инвестиция киритиш бўйича биринчи ўринни эгаллайди

kremlin.ru сайти фотосурати

Россия ва Қозоғистон яқин иқтисодий шериклар, Россия ҳукумати эса республикага инвестиция киритиш бўйича биринчи ўринда туради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Россия Қозоғистоннинг етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан бири бўлиб, инвестициялар бўйича биринчи ўринда туради. Инвестицияларга келсак, у миллиардлаб долларларда, менимча, тахминан 27 миллиард долларни ташкил этади. Қозоғистонда кўплаб Россия компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда», — деди у.

Путин икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2024 йили 27,8 миллиард долларни, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 20 миллиард долларни ташкил этганини эслатди. Россия раҳбари шунингдек, Қозоғистон билан муносабатлар «яхши, барқарор ривожланаётганини» таъкидлади, бу олиб борилаётган «аниқ ишлар»дан далолат беради.

«Сизни яна бир бор Москвага, Кремлга давлат ташрифингизни чин кўнгилдан олқишламоқчиман. Кеча муҳокама қилганимиздек, бундай нарсалар ўз аҳамиятига эга. Ва, энг муҳими, бугун Москвага ҳукумат аъзолари ва бизнес тузилмалари вакилларидан иборат нуфузли делегацияси келганини кўриб турибмиз», — деди президент.

У шунингдек, имзолашга тайёрланаётган меморандумни эслатиб ўтди, бу Россия ва Қозоғистон давлатлараро муносабатларини янада юқори даражага кўтараётганини кўрсатади. «Биз бундан жуда мамнунмиз. Биз Қозоғистон билан муносабатларни янада ривожлантириш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз. Ва айтиш лозим, барча ишларимиз амалга ошмоқда» — деб қўшимча қилди Путин.

Қосим-Жомарт Тўқаев ўз навбатида «ёш авлодга янги геосиёсий воқеликда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик аҳамиятини тушуниш» зарурлигини айтди. «Бусиз бу нотинч дунёда яшашнинг иложи йўқ», —деди у.

Тўқаев 11 ноябрь куни Москвага давлат ташрифи билан келди. Шунингдек, у Путин билан тахминан уч соат давом этган норасмий учрашув ўтказди. Россия раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, икки президент «юзма-юз» суҳбатлашди. Бугун, 12 ноябрь куни икки раҳбар ўртасида тор ва кенгайтирилган форматларда музокаралар олиб борилмоқда. Кремль матбуот хизмати хабар беришича, ташриф давомида имзолаш учун ҳужжатлар тўплами тайёрланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ