Ўзбекистон ҳукумати янги пахта навини яратиш ва импорт қилинадиган уруғлардан воз кечишни режалаштирмоқда

uztag.info сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг ноёб илмий муассасалари — Геномика маркази ва Пахта институти биргаликда янги пахта навини яратади ва бу импорт қилинадиган уруғларга эҳтиёж қолдирмайди. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда селекционерларга шундай кўрсатма берди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ушбу тадқиқот марказларининг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлади. Шунинг учун ушбу институтларда фитотрон ва репродукцион иссиқхона қуриб бериш топширилди. Натижада янги маҳаллий нав яратишга керак бўлган вақт 2,5 баробар қисқаради.

Йиғилишда ҳосилдорликни ошириш ҳам муҳокама қилинди. Тегишли идоралар вакиллари паст ҳосилдор фермер хўжаликларига мақсадли ёрдам кўрсатишга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш ва агрономларни тайёрлаш жараёнини тубдан ислоҳ қилиш ҳақида ҳисобот беришди.

Жумладан, пахтачиликда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш орқали ҳосилдорликни 60 центнердан оширган илғор фермерларни 30 центнердан кам ҳосил олган фермерларга бириктириш таклиф қилинди.

Илғор фермерлар Қишлоқ хўжалиги малака ошириш институтида қайта тайёрланиб, уларга сертификат берилади. Паст ҳосил олган фермерларда ҳосилдорлик камида 50 центнердан ошса, уларга бириктирилган илғор фермерларга 5 миллион сўмдан (415 доллар) мукофот пули берилади.

Шунингдек, агрономларни тайёрлаш учун Аграр университети ва бошқа ихтисослашган университетлар битирувчилари учун икки йиллик дуал таълим дастури режалаштирилгани таъкидланди. Илғор кластер ва фермер хўжаликларида амалиёт ўтаган талабаларга стипендия, уларни ўқитган мутахассисларга эса рағбат пули тўланади.

Замонавий технологиялардан фойдаланиш мавзуси кўтарилди. Президент қишлоқ хўжалиги дронларидан янада фаолроқ фойдаланиш ва бу соҳада мутахассисларни тайёрлашни буюрди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигига рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш зарур. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмийлари давлат раҳбарига бу соҳада хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганини маълум қилдилар.

Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетганда, 2026 йилдан пахта-ғалла, мевалар ва дуккакли экинлар бўйича ҳосилни ихтиёрий суғурталаш тизимини йўлга қўйиш, суғурта мукофотининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, субсидиялар тизимини соддалаштириш мақсадида ҳозирда турли идоралар томонидан берилаётган 75 турдаги субсидияни ягона платформа орқали ажратиб борадиган Аграр соҳада тўлов агентлигини ташкил этиш ташаббуси билдирилди. Бу фермерлар учун ортиқча оворагарчилик ва бюрократияни кескин камайтиради.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. У мамлакат иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил этади, корхоналар йилига 467 триллион сўм (38,7 миллиард доллар) қийматидаги маҳсулот ишлаб чиқаради ва 3,5 миллион кишини иш билан таъминлайди. Бундан ташқари, янги ва қайта ишланган аграр маҳсулотлар умумий экспортнинг учдан бир қисмини ташкил қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ