«Шимолий қозоқ» номи билан машҳур блогер миллатлар ўртасида нафрат қўзғатишда айбланиб судланди

Аслан Толегенов. tizgin.kz сайти фотосурати

«Шимолий қозоқ» тахаллуси билан танилган қозоқ блогери Аслан Толегенов нафрат қўзғашда айбдор деб топилди. У уч йилу тўққиз ойга озодликдан маҳрум қилинди, деб хабар беради КазТАГ ахборот агентлиги Кокшетау шаҳар суди матбуот хизматига таяниб.

Толегеновга иккита айблов қўйилди: миллатлар ўртасида нафрат қўзғатиш ва YouTube каналида ёлғон маълумотларни тарқатиш. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

«Судда Т. ўз айбини тўлиқ тан олди ва тақдим этилган далилларга эътироз билдирмади. Иш қисқартирилган тарзда кўриб чиқилди. T.нинг айби экспертиза хулосалари, уяли телефон, сайт, видеоёзувлар ва бошқа иш материаллари орқали исботланди. Tгаa жазо тайинлашда суд унинг судланмагани ва қилмишларидан чин дилдан пушаймон бўлганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида кўриб чиқди. Ҳеч қандай оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмади», — деб аниқлик киритади матбуот хизмати.

Ҳукм ҳали кучга кирмаган.

Аслан Толегенов — асли кокшетаулик қозоқ блогери. У 180 000 дан ортиқ обуначиси бўлган YouTube каналини бошқарган ва у ерда мунтазам равишда «рус дунёси Қозоғистонга цивилизация ва барқарорлик олиб келган» деган ғояни тарғиб қилган. Толегенов Қозоғистонда миллий ва Россияга қарши кайфиятга фаол қаршилик кўрсатиб келган ва «Ғарб кучлари бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда» деб ҳисоблаган.

Блогер ўтган ёзда жонли эфирда уятли сўзларни ишлатгани учун ҳибсга олинган. Дастлаб унга маъмурий ҳуқуқбузарлик айблови қўйилган, аммо кейинчалик айбловлар жиддий тус солган ва жиноят ишига айлантирилган.

Қозоғистонда машҳур ва машҳур бўлмаган блогерларга нисбатан миллатлараро нафратни қўзғатиш моддаси бўйича жиноят ишлари мунтазам равишда қўзғатилади. Ишбилармонлар ва оддий фуқаролар мазкур айблов бўйича терговга жалб қилинган. Кўпинча бундай ҳолатлар Қозоғистон ва қўшни Россия фуқаролари ўртасидаги муносабатларни ўз ичига олади (бундай ҳолатда нафақат қўзғатиш, балки сепаратизмга оид модда ҳам судланувчиларга қўлланилади).

Иккала мамлакат расмийлари мунтазам равишда дўстлик ва яхши қўшничилик ҳақида гапиришади, потенциал нозик масалаларни кўтармасликни афзал кўришади. Шунга қарамай, расмийлар баъзан баҳсли баёнотлар беришади. 2022 йил декабрь ойида Россия элчиси Алексей Бородавкиннинг Қозоғистондаги «миллатчилар ва русофобия» ҳақидаги баёноти кенг жамоатчилик эътиборини тортганди. Кейинчалик Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров элчининг баёноти нафақат Россия ҳукумати позициясини, балки «Алексей Николаевичнинг ўз позициясини ҳам акс эттирмаслигини» айтганди. Ўз навбатида, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийлари Бородавкин сўзлари учун узр сўраганини хабар қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ