Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов Таълим вазирига заиф мактаб ўқитувчиларининг 20 фоизини ишдан бўшатишни буюрди. Бу ҳақда Caravan Info сиёсатчининг «Номад» телеканалига берган интервьюсига таяниб хабар берди.
Байсаловнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда тахминан 800 та ортиқча мактаб қурилган, аммо таълим сифатига етарлича эътибор берилмаяпти.
«Мен мактабларга бордим ва директор: «Мана бу ерда том, мана бино, мана бу ерда қуряпмиз», дея гапини такрорлайди. Лекин мени ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида нима бўлаётгани қизиқтиради. Шунча йиллар давомида биз таълимни ривожлантирмай, мактаблар қурдик. Биз тахминан 800 та ортиқча мактаб қурдик. Энди қишлоқ жойлардаги бўш мактабларни қандайдир болалар боғчалари билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз», – дейди Байсалов.
Унинг фикрича, мактаб тизими ҳар уч йилда янгиланиши керак.
«Ўқув дастурлари, методология ва ўқитиш фалсафаси — ҳамма нарса ўзгармоқда. Таълим жараёнидаги иштирокчилар ўзгариши керак», — деб таъкидлади Бош вазир ўринбосари.
У Қирғизистон Таълим вазири Догдуркул Кендирбаевага мактабларни аттестациядан ўтказиш ва заиф ўқитувчиларни ишдан бўшатиш бўйича кўрсатма берганини маълум қилди.
«Кеча мен вазир Кендирбаева билан гаплашдим ва дедим: ортиқча ўқитувчиларнинг 15-20 фоизини аниқланг ва уларни ишдан ҳайданг. Ҳа, ўқитувчилар етишмайди, лекин яхшиси, собиқ журналистлар каби одамларни кўчадан танлаб, уларнинг барчасига жуда яхши маош — 50-60 минг сом (572-686 доллар) таклиф қилиб, ишга ёллашни афзал кўрамиз», — деди Байсалов.
Бош вазир ўринбосарининг баёноти ижтимоий тармоқларда тортишувлар ва муҳокамаларга сабаб бўлди, деб таъкидлайди Kaktus.Media. Байсалов нашрга унинг сўзлари бузиб кўрсатилганини айтади.
Сиёсатчи қирғиз мактаблари чуқур инқирозда эканини ва кадрлар янгиланмасдан ислоҳотлар самарасиз бўлишини таъкидлайди.
«Қирғизистонда малакасиз, профессионал стандартларга жавоб бермайдиган, нафақат болаларга ёрдам бермайдиган, балки уларга бевосита зарар етказадиган ва ҳаётини барбод қилиши мумкин бўлган ўқитувчилар қатлами мавжуд. Нима учун мен улардан қутулмаслигим керак? Биз бу талабларни кучайтирамиз, токи ўқитувчилар ўз устида ишласин ва замон талабларига жавоб берсин», — деб ваъда беради Бош вазир ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, мактаблардаги салбий муҳит айнан шундай қобилиятсиз ўқитувчилар томонидан яратилади, уларнинг кўпинча «энг такаббури барча дарс соатларини эгаллаб олади ва ёш ўқитувчиларни қўрқитади». Байсалов мактаблардаги маданият ва ахлоқий муҳитни ўзгартириш зарур деб ҳисоблайди, токи «мактаблар директор шахсига сиғиниш ёки муайян ўқитувчиларга сиғиниш атрофида айланмасин», балки таълим жараёнининг барча иштирокчилари хизмат кўрсатадиган болага эътибор қаратсин.
Байсалов 1990 ва 2000 йиллари касбга кирган ўқитувчилар кўпинча зарур билим ва кўникмаларга эга эмасликларини таъкидлади ва уларни аниқлаб, уларга қатъий талаблар қўйишга ваъда берди. Унинг таъкидлашича, Таълим вазирлиги аллақачон бундай ходимларни, хусусан, компьютер кўникмаларини текшириш орқали аниқламоқда: «Кўпчилик [ишдан кетиш ҳақида] аризаларини топширган, бу билан улар XXI асрдаги қобилиятсизлиги ва ҳаётга тайёр эмаслигини намойиш этган».
Kaktus.Media хабарига кўра, Қирғизистон Таълим вазирлиги ўқитувчиларнинг математика, физика, кимё, биология, география, информатика ва инглиз тили каби фанлар бўйича компетенцияларини баҳолаш учун тест ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Тест Таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган ноутбуклар ёрдамида онлайн тарзда ўтказилмоқда. Тадбирнинг мақсади ўқитувчилар учун профессионал стандарт талабларига риоя қилиш даражасини аниқлаш, дарсларни тайёрлаш ва ўтказишда, шу жумладан тест топшириқларини бажаришда компьютер технологияларидан фойдаланишни баҳолаш ва ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини режалаштиришдир. Тест синовлари ноябрь ойи охирига қадар якунланади.
Аввалроқ Қирғизистонда 191 та бўш мактаб директори лавозимларини тўлдириш учун танлов эълон қилинган эди. Энг кўп бўш иш ўринлари Жалолобод ва Ўш вилоятларида — мос равишда 58 ва 46 та. Бишкекда тўққизта директор лавозимига танлов ўтказилмоқда.



